«Дориан» тўфони оқибатида Канаданинг жануби-шарқий қисмида қарийб 400 минг киши электр энергиясиз қолди, деб хабар бермоқда TJournal. Кучли шамол ва ёмғир электр узатиш линияларига жиддий зарар етказган.
Бу ҳудудда ҳалок бўлганлар ёки жиддий жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ, аммо дарахтлар илдизи билан қўпорилгани, машиналар пачоқ бўлгани, уйларнинг томи учгани ва битта қурилиш крани қулагани айтилган.
Эслатиб ўтамиз, «Дориан» тропик тўфони 26 август куни Атлантика океанидаги Барбадос оролида пайдо бўлиб, уч кундан сўнг Багам оролларига ёпирилган. Тўфон Катта Багам ва Абако оролларидаги жами 13 мингга яқин уйни тўлиқ вайрон қилган. Бўрон марказида шамол тезлиги салкам 300 км/соатни ташкил этган. Багам оролларида «Дориан» тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар сони 43 кишига етди, яна бир неча юзлаб одамлар бедарак йўқолган деб топилмоқда.
Мавзуга доир: Талафотлар тарихи. Тарихдаги 10 та энг йирик тўфон