Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармаси (ИХКТЖ) лойиҳа таклифларини қабул қилишни бошланди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистондаги БМТ вакиллиги матбуoт хизмати хабар берди.
ИХКТЖ бошқарув кенгашининг 2019 йил 24 январдаги қарорига мувофиқ, ИХКТЖнинг дастурий стратегиясининг қуйидаги учта йўналиши лойиҳа таклифларини дастлабки қабул қилиш учун устувор йўналишлар сифатида танлаб олинди:
- Экологик хавфсизликни таъминлаш (шу жумладан, ўрмонлаштириш);
- Соғлиқни сақлаш соҳасида хавфсизликни таъминлаш;
- Ижтимоий хавфсизликни таъминлаш (шу жумладан, асосий коммунал хизматлардан, ижтимоий ҳимоя, сув таъминоти, санитария ва таълим соҳаларидан фойдалана олиш имкониятини яхшилаш).
Таклифлар 2019 йилнинг 29 март кунидан 2019 йилнинг 29 апрель кунигача (Тошкент вақти билан 18:00гача) қабул қилинади.
Аризанинг тўлдирилган шакллари ИХКТЖнинг Техник котибияти номига қуйидаги электрон манзилга юборилиши лозим (zarif.jumayev@one.un.org).
Лойиҳа таклифи андозасини қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиш мумкин (Лойиҳа таклифини тайёрлаш бўйича қўлланма ва бюджет шакли). Budget template and Guidelince.
Маълумот учун, 2018 йилнинг 27 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасининг тақдимоти ўтказилган ва расмий равишда фаолияти бошланган. ИХКТЖ инсон хавфсизлиги концепциясига асосланган мажмуавий чора-тадбирларни амалга ошириш учун халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва донорлар ҳамжамияти ресурсларини сафарбар этишнинг ягона ноёб платформаси бўлади ҳамда ҳукуматнинг Орол фожиасини ҳал қилиш бўйича Оролбўйи минтақасида олиб бораётган саъй ҳаракатларини тўлдиради.