«Дарё» таҳририятига Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Пўлатдархон маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, Қорадарё дарёсидаги тошларнинг ноқонуний олиб кетилиши натижасида сўнгги икки йилда маҳаллада тоза ичимлик суви муаммоси юзага келаётганлигини билдирди.
«Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев Пўлатдархон маҳалласида яшовчи фуқаролар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларини ўрганди.
Айни пайтда 11 500 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Пўлатдархон маҳалласи Қорадарё қирғоғида жойлашган бўлиб, мазкур маҳалла ўз вақтида Самарқанднинг энг сўлим масканларидан бири ҳисобланган. Бироқ, сўнгги икки йил давомида ҳудуддаги сув муаммоси сабабли ушбу маскан кун сайин чўлга айланиб бормоқда.
– Биз бу ерда яшаётганимизга ўн йилдан ошди. Авваллари 7 метрдан сув чиқарди. Ҳозир 10-12 метрдан ҳам сув чиқариш қийин бўлмоқда, — дейди Истиқлол кўчаси 47-уйда яшовчи фуқаро Боҳодир Фарҳодов. – Маҳалла фуқаролари ҳар бир сув чиқариш кранини 2-2,5 миллион сўмга қурдиряпти. Бир йилда ҳатто икки бор кранни алмаштиришга тўғри келмоқда. Сувсизликдан ҳовлимиздаги дарахталар қуриб кетган.
Аҳоли маҳаллада сўнгги икки йил давомида сув билан боғлиқ муаммонинг юзага келишида Қорадарё дарёсидан ноқонуний тарзда тошларнинг олиб кетилаётганлигини сабаб қилиб кўрсатишди.
– 24 соат давомида Қорадарё дарёсидан тошларни олиб кетишади. Айнан шу сабаб бизнинг маҳалламизда сувсизлик муаммоси юзага келди. Бироқ, бунга ҳеч ким чора кўргани йўқ, — дейди Истиқлол кўчаси 26-уйда яшовчи фуқаро Фаррух Бобожонов. – На маҳалла раиси, на участка инспектори, на бошқа мутасадди ташкилот вакиллари бундай ноқонуний ҳаракатга чора кўргани йўқ. Бундай эътиборсизлик кейинчалик катта муаммога айланиб кетиши ҳеч гап эмас.
Дарёдан тош ортиб бераётган ва тош олиб чиқиб кетаётган ҳайдовчилар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг қўлида ҳеч қандай ҳужжат йўқлигини, барча зарур ҳужжатлар Баҳодир ва Жамшид (фамилиясини аниқлашнинг иложи бўлмади) исмли шахсларда эканлигини, ҳар қандай саволларга улар жавоб беришини билдиришди.
Қорадарё дарёсининг қирғоқларидаги ачинарли ҳолат эса ҳар қандай кишини ўйга толдиради. Дарё атрофи чиқиндиларга тўлиб кетган. Турли хил маиший чиқиндиларнинг тўпланиши натижасида атроф-муҳитга бадбўй ислар ҳам тарқала бошлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш бошқармасига мурожаат қилдик. Маълумотларга кўра жорий йил бошидан ҳозирги кунга қадар Зарафшон дарёси ён қирғоқларидаги ноқонуний ҳолатлар бўйича 31 та ҳолат аниқланган. Ноқонуний фаолият бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 70-моддаси (Ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш) 1-қисми билан 35 240 560 сўм жарима солинган бўлишига қарамасдан Зарафшон дарёси ён қирғоқларидан ноқонуний тарзда тош олиш ҳолати давом этиб келмоқда.
– Вилоятдан оқиб ўтувчи дарё, сой, каналлардан фуқаро ва мансабдор шахслар томонидан кечаси ҳуқуқбузарлик содир этилмоқда. Дарё, сой, каналларга қум шағал аралашмасини олгани келган юк машиналари томонидан ҳар хил турдаги чиқиндиларни тўкиб кетиш ҳолатлари инспекторлар томонидан аниқланган. Бироқ, фуқаролар томонидан инспекторларга бўйсунмаслик ҳолатлари ҳам учраган. Ушбу ҳолат бўйича вилоят ва туман прокуратурасига керакли ҳужжатлар тўпланиб тақдим этиб борилмоқда, — дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғолиб Негматов. – Корхоналар ва фуқаролар томонидан вилоятдан оқиб ўтувчи дарё, сой, каналлардан фуқаро ва мансабдор шахслар томонидан ноқонуний қум шағал аралашмасини қазиб олиш, маиший чиқиндиларни ташлаш ҳолатлари аниқланганда вилоят ИИБ, ЙҲХБ, вилоят прокуратураси ҳодимлари томонидан амалий ёрдам беришларини истардик.
Аҳолини қийнаётган муаммолари ва фуқароларнинг мурожаатлари асосида маҳалла томонидан қандай чоралар амалга оширилаётганлигини билиш мақсадида Пўлатдархон маҳалласи раиси Маҳмуд Насимов билан учрашмоқчи бўлдик. Бироқ маҳалла раисини топа олмадик.
Шу ўринда бир гап. Самарқанд вилоятининг энг йирик намунали уйлари қурилган маскан ҳисобланмиш Пўлатдархон маҳалласи бугун ачинарли ҳолга келиб қолган. Маҳалла ҳудудидаги намунали уйларнинг аҳволи кишини ўйга толдиради. Шундоққина маҳалла идорасининг олдидаги хонадонлар атрофи турли чиқиндилар билан тўлиб ётгани етмаганидек, болалар ўйнайдиган майдончага олов ёқиб юборишган.
Сувсизлик муаммосига дуч келган Пўлатдархон маҳалласининг мазкур муаммосини мутасадди ташкилотлар ўрганиб, тез орада ижобий ҳал қилади деган умиддамиз.