Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий меҳнатга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ва бошқалар кутилаётган пахта йиғим-терими билан боғлиқ ташкилий масалалар устувор вазифалардан бири экани ва мавсумда фуқароларни мажбуран пахта далаларига олиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани, бунда ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга қарши курашиш мақсадида махсус ишонч тармоқларини ишга туширмоқда. Эндиликда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кузатилганда вазирликнинг @mehnathuquqbot телеграм тармоғига хабар йўллаш ёки 200-06-01 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
Ҳар бир мурожаат бўйича тезкор чора-тадбир кўрилади. Бундан ташқари, пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва ихтиёрий равишда пахта теримига чиқиш истагида бўлган фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш учун @terimuzbot телеграм тармоғи ҳамда «Terim.uz» сайти фаоллаштирилди.
— Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати кузатилганда фуқаролар юқоридаги телеграм тармоғи орқали исм-шарифини кўрсатмасдан фақат телефон рақамини киритган ҳолда манзиллари ва воқеа ҳолатини акс эттирган ҳолда мурожаатни йўллаш мумкин, – деди вазир. — Келиб тушган мурожаат тегишли тартибда ўрганилади ва ҳуқуқбузарлик аниқланса, мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахсга нисбатан чора кўрилиб, лавозимидан озод этилади. Бундан ташқари, жорий пахта мавсумида республика бўйича 200 нафар профилактика инспектори мажбурий меҳнатга қарши курашади.
Матбуот анжуманида мажбурий меҳнатга қарши олиб борилаётган шу каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Журналистлар қизиқтирган саволларига жавоб олди.