Аввал хабар қилганимиздек, Урганч шаҳрида халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади, дея хабар беради ЎзА.
Давлат раҳбари Хоразм вилояти деҳқон ва фермерларини мамлакатда биринчи бўлиб пахта бўйича шартнома мажбуриятини бажаргани ва 250 минг тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этилгани билан табриклади.
«Бу заминдаги оғир иқлим ва мураккаб тупроқ шароитига қарамасдан, воҳа миришкорлари барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб келмоқда. Ёзи жазирама иссиқ, қиши қаҳратон совуқ, ерлари кучли шўрланган бу ҳудудда нафақат меҳнат қилиш, балки мўл ҳосил ундириш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Шунинг учун хоразмлик деҳқонларни бир эмас, икки марта қаҳрамон, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди», — деди Ўзбекистон Президенти.