Андижон туманининг Куйганёр шаҳарчасида жойлашган Жасурбек Аҳмедов бошчилик қиладиган савдо дўконида маҳсулотлар нақд пулга ўз нархида, пластик карточкадан эса «шапка»си билан сотилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Uz24.uz хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, дўконда харидорлар гавжум, савдо терминали ҳам ишлаб турса-да, бироқ агар харидор 20 минг сўмлик маҳсулот олса, сотувчи терминалга 22 минг сўм деб, чек уриб берган.
Шу тумандаги Хўжаобод маҳалласи Ҳабибий кўчасида фаолият кўрсатаётган тадбиркор Муҳаммадаюб Юнусов ҳам банк пластик карточкасига «устама» оладиган «устомон»лардан эканлиги аниқланди. У 25 килограмм унни нақд пулга 43 минг, банк пластик карточкасига 45 минг сўмдан сотаётганлиги маълум бўлди. Шомат маҳалласида яшовчи тадбиркор Тўйчибой Эркинбоевга қарашли савдо дўконида ҳам мана шундай ҳолат аниқланди.
Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида бу каби «қоида»ларга чек қўйилди.
Шунингдек, Хонобод шаҳридаги Замира Ҳожиматова, Ҳасанбой Назиров каби тадбиркорлар ўзларига қарашли спиртли ичимликлар савдосига ихтисослашган дўконида тўлов терминалларини ишлатмай, фақат нақд пулга савдо қилганлиги ва касса чекларини ҳам бермаганлиги текширувлар натижасида кузатилган.
Юқоридаги ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди, деб ёзади soliq.uz.
Изоҳ (0)