8—9 октябрь кунлари Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда МСК матбуот хизмати.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларнинг 2014 йилги парламент сайловида иштирок этиш учун тақдим этилган ариза ва бошқа ҳужжатларини кўриб чиқди.
Марказий сайлов комиссияси қабул қилинган 624-сон қарорига биноан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг, 625-сон қарорига мувофиқ Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, 626-сон қарорига асосан Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг ва 627-сон қарорига биноан Ўзбекистон Халқ-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишларига ижозат берди.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этиши тўғрисидаги қарорини маълумот учун қабул қилди.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тузиш ва уларнинг шахсий таркибини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур Қонунга асосан округ сайлов комиссиялари Марказий сайлов комиссияси томонидан комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва камида олти нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида кенг муҳокамадан ўтишди ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилди.