Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишлар ва видеоселекторларда давлат раҳбарига муаммоси ҳақида айта оладиган, масала қўя оладиган раҳбар бугунги кун талабига мос раҳбар эканини маълум қилди. Бу ҳақда у “Дарё” журналисти билан бўлган суҳбатида гапириб берди.
Мажлисда таклиф беролмасдан жим ўтириб, ҳатто савол берилганда, уч марта сўралганда ҳам муаммо йўқ деб ўтирган замонларни кўрдик-ку. Ҳозир қанақадир тадбир, селектор ёки йиғилиш бўладими сўз берилганида раҳбарга муаммо қўя оладиган, масала қўя оладиган раҳбар яхши, — дейди Зоир Мирзаев.
Тошкент вилояти ҳокимининг айтишича, у қўл остидаги раҳбарлар ва атрофидагилардан ҳам шуни талаб қилади.
Атрофимдагиларга қўрқмасдан айтаверинглар, тўғрисини айтганнинг тилини кесадиган замон ўтиб кетди, дейман. Шунақа даврлардан ҳам ўтганмиз. Лекин бугун оғзимиздан чиққан нарсани оляпмиз-ку. Маблағ бўлганда ҳам уни олиб, жойига бориб бажариш вақт талаб қилади. Мана шу вақтга келганда ҳаммамизда сабрсизлик бор. Тез бўлиши керак. Бугун бошлаб, эртага тугатишимиз керак. Унинг сифатли бўлиши учун вақт керак. Масалан битта мактаб қурсангиз, бир йил керак, йўл қурса мана шунча вақт керак. Иккинчидан, аҳолимизда тезроқ яхши кунни кўришга иштиёқ кўпайган. Бу одамларнинг ҳуқуқий онги ривожланганлигининг кўриниши ва бу жудаям яхши ҳолат. Фуқаро ўзининг ҳаққини талаб қилиб ола олса, бошқарувга осон бўлади, — дейди вилоят ҳокими.
Зоир Мирзаевнинг таъкидлашича, маҳалла тизимининг бешликдан еттиликка ўзгариши ҳам қуйи бўғинда ўзгаришлар қилинишига ҳаракат қилинаётганидан дарак беради. Маҳалла давлат ва халқ ўртасидаги кўприк вазифасини бажариши керак.
Маҳаллада кўтарилаётган 10 та муаммонинг уч-тўрттаси, энг долзарбини танлаб олиб, ижросига кириша олса, ўша раҳбар замонавий раҳбар бўлади. Бўлмаса, менда оғир деб ўтираверади. Тушкунликка тушади. Оғир ва бажариб бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ, — деди ҳоким.
Ҳоким суҳбат давомида ўз фаолиятига доимий тарзда танқидий ёндашиши, Telegram’да унга мурожаат қилиб, шикоят қилган депутат ва давлат раҳбарининг бирор бир қарорини қабул қилишдан аввал вилоят ҳокимлари билан ҳам маслаҳатлашиши ҳақида гапириб берди.