Корея халқ демократик республикаси(КХДР)да мамлакат ташкил топганининг 75 йиллиги шарафига фуқаро мудофаа кучлари паради бўлиб ўтди, унда Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин, унинг қизи Ким Чжу Э иштирок этди, деб хабар бермоқда Корея марказий телеграф агентлиги (KCNA).
1948 йил 9 сентябрда КХДР давлатига асос солингани эълон қилинган, бу сана ҳар йили Корея яриморолининг шимолида давлат байрами сифатида нишонланади.
“8 сентябрь куни Пхеньян шаҳридаги Ким Ир Сен майдонида КХДР ташкил этилганининг 75 йиллигига бағишланган тантанали Қуролли фуқаро мудофааси кучларининг ҳарбий паради бўлиб ўтди... Ҳарбий парадда ҳурматли ўртоқ Ким Чен Ин ҳозир бўлди”, — дейилади хабарда.
Тантанали тадбирларда иштирок этиш учун КХДРга ташриф буюрган ХХР партия-ҳукумат делегацияси аъзолари, Россия ва Хитой дипломатлари таклиф этилган.
Агентлик хабарига кўра, осмонда “75” рақамини ҳосил қилувчи самолётлар саф тортган, ҳарбий оркестр чиқиш қилган, КХДР давлат байроғини кўтаришга бағишланган тантаналар ўтказилган. Парад якунида мушаклар отилиб, тадбир иштирокчилари “Мансе!” (“Ура”) деб ҳайқирган.
Аввалроқ Ким Чен Ин Шимолий Кореянинг тактик ядро қуроли билан жиҳозланган янги сувости кемасини сувга тушириш маросимида қатнашганди. КХДР барча оғир сувости кемаларини модернизация қилиш ва уларни тактик ядро қуроллари билан жиҳозлашни режалаштирмоқда.