Қашқадарё вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича вилоят тажрибаси яратилади. Бу ҳақда “Дарё”га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу ҳақда вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган масъуллар йиғилишида маълум қилинган.
Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал майор Даврон Назармуҳамедов ҳамда вилоят ҳокими Муроджон Азимов бошчилигида ишчи гуруҳ ўрганишларининг якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалиётга татбиқ этиладиган “Қашқадарё тажрибаси” тақдимоти ўтказилди, — дейди Аҳрор Содиқов.
Содиқовнинг аниқлаштиришича, йиғилишда Қарши шаҳридаги криминоген вазияти энг оғир “қизил” тоифадаги “Алишер Навоий” маҳалласи танлаб олинган бўлиб, мазкур маҳаллани тажриба сифатида жиноятдан холи маҳаллага айлантириш чоралари кўрилиши белгиланган.
Қашқадарё ИИБ ахборот хизматининг қўшимча қилишича, вилоят тажрибасини яратишдан аввал вазир ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда, маҳаллаларда, олис қишлоқларда, жиноятчилик салмоғи ортган “қизил” тоифадаги ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик содир этилишининг асл сабаблари, унга туртки бўлган омиллар, мавжуд камчиликларни таҳлил қилиб, хулосага келган.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ИИВнинг асосий 16 та соҳаси бўйича масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ вилоятдаги мавжуд криминоген вазиятни таҳлиллар асосида комплекс ўрганиб, Қашқадарё вилоятида жиноятчиликни жиловлаш борасидаги “Қашқадарё тажриба”сини яратишга доир манзилли ишлар олиб бориб, “йўл харитаси”ни ишлаб чиқди. Шундан сўнг иштирокчилар вилоятда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалиётга татбиқ этиладиган “Қашқадарё тажрибаси” тақдимоти билан танишди, — дейилади вилоят ИИБ ахборотида.
Йиғилишда вилоятда мобил тарғибот гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилиши таъкидланган.
Вилоятда мобил тарғибот гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, маҳаллалар ҳудудида ўғирлик ва фирибгарлик, тан жароҳати билан боғлиқ жиноятлар, йўл-транспорт ҳодисалари, ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган турли жиноятлар, айниқса, пластик карталардан пул ечиб олиш ва ўғирлаш билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга ҳаракат қилинади. Ҳамда бу турдаги жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган омиллар, туб сабаблар ҳамда уларнинг оқибатлари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради, — дейилади бу ҳақдаги маълумотда.