Кўз остида кўкариш ва ҳалқалар ташқи кўриниш билан боғлиқ энг кўп тарқалган муаммолардан бири ҳисобланади. «Домашний очаг» нашри унинг пайдо бўлиши сабаблари ҳақида маълумот бериб ўтади.
Ирсият
Кўз остидаги ҳалқалар наслдан ўтган бўлиши ҳам мумкин. «Оилаларда кўз остида кўкаришлар пайдо бўлишига олиб келадиган ирсий хусусиятлар бўлиши мумкин», — дейди Нью-Йоркдаги Mount Sinai косметологик ва жарроҳлик шифохонаси раҳбари. Агар бу пигментация бўладиган бўлса, дерматологлар буни махсус лазер билан бартараф қилиши мумкин.
Экзема
Экзема ўз-ўзидан ҳалқаларнинг келтириб чиқармайди, аммо қичима ва ишқалашлар бунга сабаб бўлиши мумкин. Дерматологнинг тушунтиришича, қичиётган терига тегиниш шиш ва яллиғланишнинг ортишига олиб келади ва бу кўз остидаги қон томирлари шикастланишини келтириб чиқариши мумкин.
Аллергия
«Аллергия туфайли аксарият ҳолларда организмдаги эркин гистаминлар миқдори кўпаяди. Бу эса ўз навбатида капиллярларнинг кенгайишига олиб келади», – дейди шифокор Бенк. Кўз остидаги тери юпқа экани ҳисобига у ердаги қон томирларнинг кенгайиши юзнинг бошқа қисмларига нисбатан тўқроқ бўлиб кўринади. Шу сабаб ҳам аллергия симптомларига бефарқ бўлмаслик, дарҳол зарурий чораларни кўриш тавсия қилинади.
Макияж
Туш, тен ва консилердан фойдаланиш терини зўриқтириши, бу эса кўз остининг кўкаришига олиб келиши мумкин. Айримларда зўриққан терига ҳадеб тегинавериш оқибатида бу каби косметик воситалар аллергик реакция келтириб чиқариши, шундан кейин эса кўз остида ҳалқалар пайдо бўлиши мумкин. Шу сабаб ҳам дискомфорт ҳис қилишингиз билан косметик воситани алмаштириш тавсия қилинади.
Юз тузилиши
Кўз остидаги ҳалқаларга тери аҳволи эмас, юз тузилиши сабаб бўлиши мумкин. Баъзиларда кўз остидаги соҳа табиатан шундай бўлади ва вақт ўтиши билан қораяди. Пигментация ва томирларнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ушбу муаммони косметологик клиникада филлерли инъекция билан бартараф қилса бўлади.
Қон томирлар
Кўз остидаги терининг юпқалиги сабаб қон томирлар кўзга ташланиб туради. Кўкиш рангда бўлгани сабаб ҳалқалар пайдо бўлгандек кўринади. Бу эса кўкариш эмас, шунчаки капилляр бўлади.
Ультрабинафша нурлар
Қуёш нури остида ҳаддан ортиқ кўп сайр қилиш ҳам ушбу муаммони келтириб чиқариши мумкин. Кўз остидаги соҳанинг нозик экани ҳисобига қуёш нурлари қон томирларнинг кенгайишига олиб келади. Оқибатда қора ҳалқалар пайдо бўлади. Айнан шу сабаб ҳам SPF кремдан фойдаланишни канда қилмаслик керак.
Изоҳ (0)