«Толибон» Кобулни қўлга киритгандан бери тобора кўпроқ афғонистонликлар ишсиз қолиш хавфига дуч келмоқда, банклар ёпиқ, озиқ-овқат нархи ошмоқда. Одамлар егулик топиш ва ижара пулини тўлаш ҳақида тун-у кун қайғуришга мажбур бўлмоқда.
«Мен бутунлай гангиб қолдим, биринчи навбатда хавфсизлигим, омон қолишим ҳақида ўйлашим керакми ёки болаларим ва оиламни қандай боқиш ҳақидами, билмайман», — деди «Толибон» келиши билан 260 долларлик маошидан маҳрум бўлган Кобулдаги собиқ полициячи. Бу пул билан бутун оила кун кўрарди — эркак, унинг рафиқаси ва тўрт фарзанди. «Мен ижарага олинган квартирада яшайман, охирги уч ой давомида эгасига пул тўламаганман», — дея қўшимча қилди у.
Қурғоқчилик мавсумидан сўнг Афғонистондаги қишлоқлар аҳолиси оммавий очарчилик хавфи остида қолди. Улар чодирларда ва вақтинчалик бошпаналарда омон қолиш учун шаҳарларга кетишга мажбур бўлди. Халқаро гуманитар агентликларга кўра, Афғонистонга тижорий рейсларнинг тўхтатилиши билан мамлакатга дори-дармонлар ва бошқа ёрдамларни етказиб бериш ҳам узилган.
Жангариларнинг вилоят шаҳарлари бўйлаб тез ҳаракатланиши маҳаллий афғони валютасининг қадрсизланишига ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсишига олиб келди. Ун, ёғ ва гуруч бир неча кун ичида 10-20 фоизга қимматлашди. Банклар хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳалигача ёпиқлиги сабабли аҳоли ўз жамғармаларидан фойдалана олмаяпти. Western Union офисларининг ёпилиши туфайли чет элдан пул ўтказмалари ҳам тўхтатилди.
Fitch Solutions компаниясининг Осиё мамлакатларига таҳдидлар бўйича раҳбари Анвита Басунинг фикрича, яқин келажакда мамлакатда жиддий инқироз юз беради. «Шунга ўхшаш шароитда бўлган мамлакатлар, масалан, Мьянма ва Сурияда ялпи ички маҳсулот тахминан 10-20 фоизга пасайганди. Бундай сценарийни Афғонистон учун ҳам истисно қилиб бўлмайди», — деди у.
Басунинг таъкидлашича, бу ойда етти фоиздан кўпроққа пасайган афғони валютасининг қиймати яна тушиши мумкин. Бунга мамлакатнинг аксарият ташқи активлари музлатилгани сабаб бўлмоқда. АҚШ «Толибон» улардан фойдалана олмаслиги учун Афғонистоннинг ташқи захираларини музлатиб қўйганди. Шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Афғонистонга ёрдам беришни тўхтатди. Бунга республикани эгаллаб олган «Толибон» ҳокимиятининг тан олиниш-олинмаслиги муаммоси сабаб бўлмоқда.
Экспертнинг фикрича, ҳозир Афғонистон иқтисодиёти гиперинфляция хавфига дуч келмоқда. Бундан ташқари, ўнлаб йиллар давом этган уруш соғлиқни сақлаш тизимига путур етказди. Басунинг сўзларига кўра, афғонлар учун чет элдан коронавирусга қарши вакциналар олиш имконияти ҳар доим кам бўлган, аммо ҳозир вазият янада аянчли.
Изоҳ (0)