6 август куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги учун халқаро нашриётлар ишлаб чиққан иккита туркум дарсликлар учун лицензия олганини эълон қилди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
10 миллион АҚШ долларига тенг туркум 5–11-синфлар учун информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича дарслик ва ўқитувчилар учун қўлланмалар, шунингдек, 1–11-синфлар учун хорижий тил – инглиз тили фанидан дарсликлар, иш дафтарлари ва ўқитувчилар учун қўлланмалардан иборат.
Ўзбекистон контекстига мослаштирилган дарсликлар 2021/2022-ўқув йилида 200 та мактабда синовдан ўтказилади. Ушбу дарсликларнинг республика бўйича 665 миллиондан ортиқ ўқувчи ўртасида тақсимланиши 2021/202-ўқув йилидан бошланади.
Дарсликларга қўшимча равишда, USAID молиялаштирадиган Ўзбекистонда баркамоллик учун таълим дастури доирасида ишлаб чиқилган она тили ва математика (1–4-синфлар), шунингдек, информатика ва ахборот технологиялари (5–11-синфлар) фанларидан таълим стандартларини топширган. Халқаро андозаларга максимал мослаштирилган ушбу юқори сифатли асосий ҳужжатлар Халқ таълими вазирлигига таълим тизимини модернизация қилишда ёрдам беради.
Бундан ташқари, 6 август куни USAID’нинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит ва халқ таълими вазири Шерзод Шерматов DOAG (Таълим тизимини ривожлантиришда кўмаклашиш грант шартномасини) доирасида яна 5,5 миллион доллар ажратишни назарда тутувчи қўшимча ҳужжатни имзолаган. Бу маблағлар ёшларнинг ишга киришидан олдин уларнинг тадбиркорлиги ва ишга тайёрлигини ошириш учун ишлатилади.
Аввалроқ USAID’нинг Ўзбекистондаги миссиясининг биринчи директори иш бошлагани, Абдулазиз Комилов АҚШда USAID’нинг янги раҳбари билан музокаралар ўтказгани, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги орқали Ўзбекистонга қарийб 400 минг долларлик 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини етказиб бергани тўғрисида хабар берилганди.