Мики лақабли пони Буюк Британияда жорий этилган локдаун вақтида Халлавингтон қишлоғидаги китоб клубининг курьерига айланди. У ижтимоий масофаланишга риоя қилишга мажбур клуб аъзоларига китоб етказиб бермоқда, деб ёзади Esquire.
Мазкур ғояни клуб раҳбари Эбининг қизи Элизабет Перри-Уиллямс ўртага ташлаган. Эби ва унинг қизи Полли китоб мутолаа қилишни истовчиларга китоб етказиб беради. Эбининг сўзларига кўра, понининг табассуми шу қадар ёқимлики, ўқувчилар нафақат китобларни, балки «табассум учун қўшимча баҳона»ни ҳам қўлга киритади. Микки ҳар ой «энг ёрқин ҳодиса»га айланган клуб аъзоларига китоб етказиб бериб, уларни хушнуд этади.
Эби понини 2020 йилнинг октябрида «Ҳаворанг хоч» ҳайвонларни парваришлаш фондидан олиб кетган. «Унинг ўзи биз билан гаплашишни хоҳлади ва биз уни олиб кетишга мажбур эдик», — дейди Эби.
Буюк Британияда коронавируснинг янги штамми тарқалишининг олдини олиш учун жорий этилган локдаун январдан буён давом этмоқда. 8 март куни карантин чораларини енгиллаштириш бошланган, мамлакатда мактаблар ишга тушган. 12 апрелдан биринчи эҳтиёж воситалари билан савдо қилмайдиган дўконлар, сартарошхона ва гўзаллик салонлари, шунингдек, спортзаллар очилиши кутилмоқда. Чекловларнинг аксарияти 21 июндан ечилади.