Самарқанд вилояти Жомбой туманида кўнгилхушлик қилиш учун чақирилган 2 нафар қиз мезбон ўсмирнинг ухлаб қолганидан фойдаланиб ўғрилик содир этган. Бу ҳақда Zo‘r TV телеканалининг «Бу кун» дастурида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, ота-онаси йўқлигидан фойдаланган ўғил 2020 йил 16 октябрь куни кечаси 2 нафар қиз билан «романтик оқшом» ўтказиш мақсадида уларни яшаш уйига олиб келган.
Ўсмир ухлаб қолганидан фойдаланган қизлар уйдаги 15 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар, 1300 доллар миқдоридаги пулларни ўғрилаб кетган.
Ҳодисадан бехабар она туман ИИБга ўғрилик содир бўлгани ҳақида мурожаат қилган.
« ‘Саёқ юрсанг, таёқ ейсан’, дегани рост экан. Мен бир романтик оқшом қилмоқчи эдим. Бурнимдан чиқди. Тенгқурларимга тинчгина юришларини маслаҳат бераман. Оқшомни яхши ўтказаман деб, эл-юрт олдида шарманда бўлдим», — дейди ўсмир.
Қизларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Шайхонтоҳурдаги масжидга келган фуқаронинг 5 400 долларини ўғирлаб кетган шахс қўлга олингани, Олой бозоридаги дўкондан 50 млн сўмлик заргарлик буюмларини ўғирлаган йигитлар Деновда ушлангани тўғрисида хабар берилганди.