Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун иш сафари доирасида Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов билан учрашди.
Қирғизистон ҳукумати матбуот хизматининг хабар беришича, ҳукумат раҳбарлари савдо-иқтисодий, инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар, сув-энергетика ва транспорт соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кўплаб масалаларини муҳокама қилди.
«Қирғизистон Республикаси ўзаро ишончга асосланган, ўрнатилган чинакам қардошлик муносабатларини қадрлайди. Биз Ўзбекистон Республикаси билан стратегик шерикликни фаол ривожлантиришни давом эттиришга тайёрмиз», — деган Улуғбек Марипов.
Абдулла Арипов Улуғбек Мариповни Қирғизистон бош вазири этиб тайинлангани билан табриклаб, ўзбек-қирғиз муносабатлари энг юқори ишонч даражасида эканлигини таъкидлаган.
Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирган. Қирғиз-ўзбек давлат чегарасининг қолган ер майдонларини қонуний рўйхатдан ўтказишни якунлаш бўйича ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидланган. Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистонга зарур миқдорда минерал ўғитлар етказиб беришни ташкил этишга тайёрлигини маълум қилинган.
Учрашув якунида Абдулла Арипов Ўзбекистонга ташриф буюриш ҳақида Қирғизистон президенти Садир Жапаровга таклифномани етказган.
Эслатиб ўтамиз, Абдулла Арипов 3 февраль куни 41 ёшли Улуғбек Мариповга Қирғизистон бош вазири этиб тайинлангани муносабати билан табрик мактубини йўллаганди.
Изоҳ (0)