Қашқадарё вилоятининг Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев одам ўлимига сабабчи бўлган хизмат автомобилини алмаштиришга қарор қилди ва янги Captiva харид қилиш учун шартнома тузди.
Маълум бўлишича, ҳокимлик 2021 йилнинг 1 февраль куни Captiva русумли хизмат машинасини Trade-in тартибида харид қилиш учун 260 миллион сўмлик шартнома имзолаган.
Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев ёки унинг ўғли бошқаргани айтилган Captiva 60 ёшли фуқарони уриб юборгани, ЙТҲ оқибатида фуқаро воқеа жойида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Қашқадарё вилоят ИИБ берган маълумотда ҳокимнинг 70 027 КАА давлат рақам белгили Captiva’си иштирокидаги ЙТҲ 2020 йилнинг 12 декабрь куни содир бўлгани, ЙТҲ содир бўлган пайтда автомобилни ҳоким ўринбосарининг ҳайдовчиси Раҳим Жўраев бошқаргани ёзилганди.
Воқеа юз берган жойда бўлган гувоҳлар эса ЙТҲ кечки соат 20:00 атрофида содир этилганини айтиб, автоҳалокат содир этилган 70 027 КАА давлат рақамли Captiva ичида туман ҳокими, хотини ва қизи бўлганини билдирганди. Шу воқеадан сўнг ҳокимнинг ҳайдовчиси алмаштирилган. Айб Раҳим Жўраевнинг зиммасига юкланган, у эса айбсизлигини таъкидлаган.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Косон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Набиев мазкур воқеага муносабат билдириб, «Ҳокимнинг шу пайтга қадар автомобиль бошқарганини кўрмаганман. Ўша куни ҳам рулда ўзи бўлган, деган гапга қўшилмайман. Ҳоким ҳам мазкур хабарни рад этиб, ўша воқеа содир бўлганини ўзи ҳам кейинчалик эшитганини айтди», деганди.
Изоҳ (0)