Президентнинг 2021 йилги давлат дастурига оид фармони лойиҳасида республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш таклиф қилинмоқда.
Бу даврда ҳар бир кесилган дарахт ва бута учун компенсация тарзида қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган 10 туп йирик ўлчамли (5 ёш ва 2 метрдан кам бўлмаган) кўчат экиш ва уларни икки йил давомида парвариш қилиш тартиби белгиланмоқда.
Ноқонуний кесилганлар дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилмоқда.
Давлат экология қўмитаси атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш тартибини қайта кўриб чиқиб, табиатни қайта тиклашга қаратилган компенсация механизмларини кенг жорий этади.
Эслатиб ўтамиз, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахтлар ва буталарни кесишга мораторий бир йилга узайтирилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган эди. Шунингдек, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима миқдори икки бараварга оширилганди.
Аввалроқ Ўзбекистонда мораторий даврида 7854 туп дарахт ноқонуний кесилиб, табиатга 9,7 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани, Тошкент вилоятидаги тўқайзорда 52 та дарахт кесилгани ҳамда Сирдарёда 7 туп дарахт ноқонуний кесилиб, табиатга 113 млн сўм зарар етказилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)