Қайд этилишича, сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш ва экологик маданиятни юксалтириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, саноат, қурилиш, транспорт ва коммунал соҳалардаги жадал ривожланиш табиатга таъсир этувчи омиллар устидан назоратни кучайтириш ва экологик талабларга риоя этишни янада қатъийлаштириш заруратини юзага келтирмоқда.
Фото: Президент матбуот хизмати
Тақдимотда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳолати таҳлил қилинди. Маълум қилинишича, 2024-йилда 47 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 2025-йилда уларнинг сони 59 мингдан ошган. Амалдаги тартибда жарималар миқдори етказилган экологик зарар билан мутаносиб эмаслиги сабаб айрим корхоналар учун ҳуқуқбузарликни бартараф этишдан кўра, жарима тўлаб фаолиятни давом эттириш қулайроқ бўлиб қолмоқда.
Шу боис юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қайта кўриб чиқиш, уларни табиатга етказилган зарар миқдорига боғлаш ва халқаро амалиётга яқинлаштириш таклиф этилди.
Хусусан, дарё ўзанларидан норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш, сув ресурсларини ифлослантириш, дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш, атмосфера ҳавосига меъёрдан ортиқ чиқинди ташлаш, қурилиш майдонларида чанг ва қумнинг ҳавога кўтарилишига йўл қўйиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларда ёқиш каби ҳолатлар учун таъсирчан молиявий чоралар жорий этиш кўзда тутилган.
Бунда маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловини ягона молиявий санкцияга бирлаштириш таклиф қилинди. Унга кўра, корхона айбини тан олган ҳолатларда ушбу чорани Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қўллайди, низоли вазиятларда эса масала суд тартибида кўриб чиқилиб, ҳал этилади.