Юз ёки танада мўй кўпайиши ўз-ўзидан юз бермайди. Бунга дори воситалари, гормонал ўзгариш ва турли ўсимталар сабаб бўлиши мумкин.
Андроген гормонининг ўзгариши
Аксари ҳолларда бу гормонлар ўзгариши билан боғлиқ бўлади. Бунда аёл организмида эркаклар гормони андроген меъёрдан ортиқ ишлаб чиқарилаётган бўлиши мумкин.
Тухумдон поликистози синдроми
Маълумотларга қараганда, ҳар ўнинчи туғиш ёшидаги аёлда ушбу касаллик кузатилиши мумкин. Тухумдонлар поликистозининг яна бир сабаби, организмда тестестероннинг кўпайиши ҳисобланади ва бу юз ҳамда танада туклар кўпайишига олиб келади. Вазн ортиши, соч тўкилиши, терининг ёғланиши эса ушбу касалликка хос бошқа симптомлар саналади.
Қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши
Қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши нафақат танада мўй кўпайишига, балки унинг тўкилишига ҳам сабаб бўлади. Бу тиреотроп гормони кам миқдорда ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Қош тўкилиши ва тирноқ пластинасининг ўзгариши ҳам қалқонсимон безда муаммо борлигидан дарак берадиган бошқа симптом бўлиши мумкин.
Эстроген гормони миқдорининг ўзгариши
Аёллар гормони миқдори қанчалик юқори бўлса, сочлар шунчалик соғлом ва бақувват бўлади. Аксинча бўладиган бўлса, соч тўкилиши ва тез синадиган бўлиб қолиши мумкин.
Айрим препаратлар таъсирида
Ностероидлар ва таркибига тестестерон, даназол бўладиган айрим дори воситалари тана ва юзда мўйлар ўсишига сабаб бўлиши мумкин. Баъзи антидепрессантлар ва антикоагулянтлар эса соч тўкилишига олиб келади.
Аутоиммун касалликлар
Баъзи аутоиммун касалликларида иммун системаси соч фолликулаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Баъзида бошнинг маълум қисмида соч тўкилиши ҳатто бош сочсиз қолиши ҳам мумкин.
Ўсимта
Тўсатдан гирсутизм пайдо бўладиган бўлса ва тестестерон миқдори меъёрдан юқори бўлса бунга гормонлар балансига таъсир ўтказадиган ўсимталар сабаб бўлиши мумкин. Бу буйрак усти ёки тухумдонлардаги ўсимта бўлиши мумкин ва дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.