Ўзбекистонда 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони 43 581 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Қаҳрамон Йўлдошевга таяниб хабар берди.
2019 йилнинг мос даврида ушбу кўрсаткич 42 098 кишини ташкил этган. Шундай қилиб, ўтган бир йил ичида касалликка чалинганлар сони 1483 кишига ортган. Бу ундан олдинги йилга нисбатан сезиларли даражда кам — 10 ой ичида 3337 кишида ОИВ инфекцияси аниқланган эди.
Таъкидланишича, ҳозирда мамлакатда 78 та ОИВ диагностика лабораторияси фаолият олиб бормоқда, улардан 15 таси ОИТСга қарши кураш марказларидаги лаборатория комплекслари ва 63 та туманлараро лаборатория. Ушбу лабораторияларда ИФА, иммуноблот, ПЦР, иммунологик, клиник, биокимёвий ва бактериологик текширувлар ўтказилади. Давлат томонидан лабораторияларни тест-система ва реагентлар билан таъминлаш учун ҳар йили 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилмоқда.
Қаҳрамон Йўлдошевнинг қайд этишича, ОИВ аниқланган шахсларни даволашнинг дунёда тан олинган усули — ретровирусга қарши даволаш бўлиб, республикада беморларнинг 70 фоиздан ортиғи ушбу даволаш усули билан қамраб олинган.
Унинг сўзларига кўра, пандемия вақтида чет элдан келган 261 394 нафар меҳнат муҳожири ОИВ инфекциясига текширувлар билан қамраб олинган. ОИВ аниқланган ҳолатларда диспансер назоратига олинган. Уларнинг сонига аниқлик киритилмаган.
1 декабрь бутун дунёда Халқаро ОИТСга қарши курашиш куни нишонланди. БМТ Бирлашган дастурининг янги ҳисоботига кўра, 2019 йилда 1,7 миллион одам ўзида ОИВ/ОИТС борлигидан хабар топган. 690 минг киши ОИТС ва унга боғлиқ касалликлардан вафот этган. Дунёда 38 миллион одам ОИВ билан яшамоқда, уларнинг 12 миллиони ҳамон даволанишини кутяпти.
Коронавирус ОИТСга қарши курашни янада мураккаблаштиргани ва 2020 йилга мўлжалланган кўрсаткичлар бажарилмаётганлиги сабаб UNAIDS мамлакатларни соғлиқни сақлаш соҳасидаги кам инвестициялардан сабоқ олишга ва ОИТС ҳамда бошқа пандемияларга қарши глобал ҳаракатларни тезлаштиришга чақирган.
Изоҳ (0)