Сингапурда дунёга келган чақалоқ ҳозирда соғлом, бироқ унда антитаналар қанчагача сақланиб туриши ва у келгусида коронавирус юқтиришдан ҳимояланганми ёки йўқ – ҳозирча номаълум. «Дарё» Naked Sciense нашрида эълон қилинган мақолани таржима тариқасида тақдим қилади.
The Strait Times нашри хабар беришича, сингапурлик 31 ёшли Селин Нг-Чан исмли аёл SARS-CoV-2 коронавирусига қарши антитанага эга бўлган ўғил чақалоқни дунёга келтирди. Нг-Чан шу йилнинг март ойида оиласи билан Европада дам олиш таътилида бўлган вақтда COVID-19 юқтириб олган эди. Ўша пайтда у ҳомиладорликнинг ўнинчи ҳафтасида эди. Унда касаллик енгил шаклда кечди ва икки ярим ҳафта даволанганидан кейин уйига жавоб берилди.
Чақалоқ ноябрь ойи бошида Сингапур Миллий университет касалхонасида (NUH) дунёга келди. Врачларнинг айтишига қараганда, чақалоқ бутунлай соғлом. SARS-CoV-2 га қарши антитана унда қанча муддат сақланиб туради ва у чақалоқни инфекциядан етарлича ҳимоя даражаси билан таъминлай оладими-йўқми, ҳозирча номаълум: вақт ўтиши билан ушбу оқсиллар титри пасайиши тахмин қилинмоқда. Шунингдек, антитаналарни чақалоқ танасига онадан ўтганми ёки уни чақалоқ организмининг ўзи мустақил шакллантирганми – бу ҳам маълум эмас.
Буюк Британия Қироллик коллежи акушер ва гинеколог мутахассисларининг қайд этишича, COVID-19’нинг ҳомиладорлик ёки туғруқ пайтида онада болага ўтиши кам учрайдиган ҳолат бўлиши керак. Шунга қарамай, пандемия бошланганидан бери бундай ҳолатлар кузатилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган эди.
Июлда француз мутахассислари илк бора ҳали туғилмаган чақалоққа ҳам коронавирус юқиш ҳолати кузатилганини хабар қилганди. Туғилганидан кейин ўша чақалоқда ҳам мия шиши, мускул спазмлари ҳамда неврологик симптомлар сингари COVID-19’нинг катталар учун хос бўлган белгилари қайд этилган эди. Мутахассислар вирус ҳомилага киндик орқали плацентадан ўтганини тахмин қилди (айнан плацентада SARS-CoV-2 вирусининг энг юқори концентрацияси аниқланди).
Олимларнинг фикрига кўра, она қандай усулда туғишидан ва қандай усулда боқишидан (кўкрак сути биланми ёки шишаданми) ва бола билан бир хонада ётадими-йўқми, булардан қатъий назар, ўз боласига инфекция юқтириши мумкин.
Бундан ташқари, COVID-19 билан касалланган ёки унинг симптомларига эга бўлган ота-онаси билан мулоқотда бўлган болалар ўзида оғир симптомларни ҳис қилмасдан ҳам инфекцияга қарши иммун реакциясини ҳосил қила олиши мумкин. Афтидан, болаларнинг иммун системаси патогеннинг салбий таъсирига қарамай, унинг организм ҳужайралари ичидаги репликациясига қарши самарадор равишда қарши тура олади.
Изоҳ (0)