«Яндекс Дзен»нинг «Болливуднинг дурдона асарлари» бўлимида ёзилишича, Болливуд Голливуд билан сифат борасида бўлмаса ҳам сон жиҳатидан беллаша олиши мумкин. Машҳурликда эса ундан ортда қолмаслиги, шубҳасиз.
Бундан ташқари Болливуд фильмининг бошқа миллат киноларидан ажралиб турадиган жиҳатлари бор:
- ранг-баранг либослар;
- қўшиқ ва рақс;
- фильм давомийлиги икки ярим соатни ташкил этади.
Ҳиндистонда рақс маданияти бошқа миллатларга нисбатан муқаддас тушунча ҳисобланади. Масалан, Бхаратанатям, Катхак Кучипуди ва бошқа услубларда қўлнинг ҳар бир тўлқини алоҳида маънони англатади. Бутун воқеа рақс орқали томошабинга етказилади. Шунинг учун ушбу санъат тури кино санъатига сюжетни очиб беришда ёрдамчи механизм сифатида қўшилган.
Бу эса кейинчалик фильмларнинг энг муҳим жиҳатига айланиб қолди. Ўтган асрнинг бошларида кино эстетик завқ улашишга ўтди. Эндиликда томошабинлар ҳаёт ташвишлари ва ҳақиқатдан қочиб, маълум соатга ўзларини эртакда ҳис қилишга одатланди.
Сал кам уч соатлик воқеада муҳаббат чизиғи, ҳазил, қонли жанжал ва 2-3 дона қўшиқ уйғунлашди. Бу орқали барча ҳис-туйғуларни томошабин биргина фильм орқали бошдан кечиради.
Бугунги кунда ҳинд фильмларини қўшиқ ва рақсдан ажратиб бўлмайди. Ёш режиссёрлар фильмларни Европа услубида суратга олишга ҳаракат қилмоқда, аммо шу пайтгача улар томошабинлар учун маъқул келадиган вариантини топа олмади.
Шунингдек, фильм таркибидаги қўшиқ ва рақс қаҳрамонларнинг бошқа қирраларини очишга ёрдам беради. Бундан ташқари радио, телевидение ва интернет тармоғида фильм саундтреклари намойиш этилади. Бу ҳам қўшиқчилар, ҳам кино ижодкорлар учун фойдалидир.