Қашқадарё вилояти Қарши туманида 2020 йилнинг 3 ноябрь куни Tico ҳамда Lada иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Вазирликнинг Telegram’даги каналига жойлаштирилган видеолавҳада айтилишича, 3 ноябрь куни соат 09:50 ларда Қарши тумани Файзобод қишлоғи ҳудудидан ўтган 4П-89 Қарши—Нишон—Толимаржон автомобиль йўлининг 3-километрида Tico’нинг Lada йўлига чиқиб кетиши оқибатида ЙТҲ содир бўлган. Ҳодиса оқибатида Тicо ҳайдовчиси оғир жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган ва у ерда вафот этган.
Шунингдек, видеолавҳа аввалида 1 ноябрь куни соат 23:00 ларда 4П-90 Қарши—Бешкент—Касби —Косон йўлининг 4-километрида Lacetti йўлни иккига ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилгани ва йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, ағдарилгани ҳақида ҳам маълумот берилган. Автоҳалокат оқибатида машина ҳайдовчиси жароҳат олган ва шифохонага ётқизилган.
Видеолавҳада Тicо ҳамда Lada иштирокидаги ЙТҲдан кейин вилоят ички ишлар бўлими Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг аҳоли орасида автоҳалокат тафсилотларини ўргангани, ҳодисанинг сабаб ва оқибатлари жамоатчилик вакиллари билан биргаликда муҳокама қилингани айтилган.