Арманистон ва Озарбайжон Москвада ўтказилган кўп соатлик музокаралардан сўнг 10 октябрь куни соат 12:00 дан бошлаб ўт очишни тўхтатишга келишиб олди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
Қайд этилишича, томонлар тўртта банд бўйича келишиб олди:
- Ҳарбий асирларни ва ушлаб турилган бошқа шахсларни ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмаштириш ва Халқаро қизил хоч мезонларига мувофиқ гуманитар мақсадларда 2020 йил 10 октябрь соат 12:00 дан бошлаб ўт очиш тўхтатилади.
- Ўт очишни тўхтатиш тартибининг конкрет параметрлари қўшимча равишда келишиб олинади.
- Озарбайжон ва Арманистон ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраислари воситачилигида келишувнинг асосий тамойиллари асосида имкон қадар тезроқ тинч йўл билан келишувга эришиш мақсадида музокараларни бошлайди.
- Томонлар музокара жараёнининг шакли ўзгармаслигини тасдиқлайди.
Арманистон, Озарбайжон ва Россия ташқи ишлар вазирлари ўртасидаги музокаралар 9 октябрь куни Москвада бошланиб, 10 октябрь оқшомида якунланди. У 10 соатдан ортиқ вақт давом этди.
Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Зоҳраб Мнацаканян ва Жайҳун Байрамов Россия президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 9 октябрь куни Москвага келди.
Тоғли Қорабоғда кенг қамровли жанговар ҳаракатлар 27 сентябрдан буён давом этмоқда. Бу минтақадаги сўнгги ўн йилликда кузатилган энг жиддий тўқнашув бўлмоқда.
8 октябрь куни Женевада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи ҳамраислари — Россия, АҚШ ва Франция Тоғли Қорабоғдаги низони ҳал қилиш бўйича музокаралар ўтказишни бошлади. Унда Озарбайжон ТИВ раҳбари Жайҳун Байрамов ҳам қатнашди.
Аввалроқ Россия, АҚШ ва Франция президентлари Владимир Путин, Дональд Трамп ва Эммануэль Макрон Тоғли Қорабоғ ҳудудида давом этаётган жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилганди.