Ўзбекистонда мактаблар очилиши бўйича қарорни фақатгина маҳаллий кенгаш депутатлари қабул қилади. Бунда мактабларнинг ҳақиқий тайёрлиги, ҳудуддаги санитария-эпидемиологик ҳолат ва соғлиқни сақлаш тизими имкониятидан келиб чиқилади. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Telegram каналида маълум қилди.
Вазирнинг маълум қилишича, Президент томонидан ўтган йилларда олиб борилаётган асосий ислоҳотлардан бири бу — босқичма-босқич маҳаллий кенгашлар ваколатини ошириб бориш. Улар ҳозирги кунда маҳаллий бюджетни ҳам қайси йўналишда ишлатишни белгилаб берадилар (авваллари деярли маҳаллий бюджетда маблағ бўлмаган эди).
«Маҳаллий депутатлар мактаб очишдан аввал уни пирометр, дозатор (ёки пулверизатор), антисептик ва дезинфекция воситалари билан таъминлаш учун маблағ ажратилгани, мактабларга етарли воситалар етказиб берилганига ишонч ҳосил қилганидан сўнггина кенгашда ушбу мактаб фаолиятини бошлаш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.
Мактаб санитария талабларига жавоб бермаса, ўша ҳудудда санитария-эпидемиологик ҳолат яхши бўлмаса ёки соғлиқни сақлаш тизими касалланганлар сони ортишига бардош бера олмаслигини билишса, маҳаллий кенгаш айнан ўша мактабни очмаслик бўйича ҳам қарор қабул қилиши мумкин. Ундай ҳолатда ўқувчилар яқинроқда бошқа очилган мактаб биносида ёки 14 сентябрда янги ўқув йили дарслари бошланганида теледарслар орқали масофавий таълим олишлари мумкин бўлади.
Албатта, маҳаллий бюджетда маблағлар етарли бўлмаган шароитда қайсидир бошқа харажатларни қисқартириб, уни бу йўналишларга сарфлаш бўйича қарор қабул қилиш ваколати ҳам айнан маҳаллий кенгашларда. Масалан, туман марказини ободонлаштириш учун маблағ ажратиш муҳимми ёки мактабларга антисептик воситаларни сотиб олиб беришми, деган саволга маҳаллий кенгаш депутатлари жавоб топишларига тўғри келади. Мабодо қайсидир жойларда маблағ ажратилмасдан, мажбуриятни мактаб жамоасига юклаб қўйиш ҳолатлари бўлса, бундай ҳолатлар маҳаллий кенгаш депутатларимиз томонидан танқидий ўрганиб чиқилиши мақсадга мувофиқ», — дейди Шерматов.
Мавзуга доир: Халқ таълими вазирлиги санитария талабларига жавоб бермайдиган мактаблар ўқишни масофавий тарзда олиб боришини маълум қилди
«Марказдан туриб, ҳамма мактаблар фалон куни очилади деб ҳеч ким айтмайди! Иккинчи томондан, барча санитария талабларига риоя этилган тақдирда ҳам мактабда коронавирус юқмайди, деб ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди. Бунга Германия, Корея каби давлатларда анчагина мактаблар вирус тарқалгани сабабли қайтадан ёпилганини мисол қилиб келтирса бўлади. Уларда нафақат моддий имкониятлари юқори, балки жамоат жойларида аҳолининг ўзини тартибли тутиши бизникилардан кўра анча яхши эканлигини ҳам тан олиш керак (мисол сифатида улардаги ва биздаги одамларни навбатда қандай туриш маданиятини кузатишингиз мумкин).
Шунингдек, фарзандини анъанавий кўринишдаги мактабга юбориш ёки уйда теледарслар орқали ўқитиш ҳақидаги қарорни фақатгина ота-оналар ўзлари қабул қилишлари муҳимлиги ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтилди. Бу масалада ҳеч кимни мажбурлашга йўл қўйилмайди», – деди Шерзод Шерматов.
Аввалроқ Ўзбекистонда 329 та мактаб ўз фаолиятини қайта бошлагани хабар қилинган эди.
Мавзуга доир:
- Халқ таълими вазирлиги ўқув йили бошида айрим фанларни вақтинчалик ўтмасликни тавсия қилди
- Ўзбекистон мактаблари учун пандемия шароитига мослаштирилган намунавий дарс жадвали ишлаб чиқилди
- ХТВ: «Мактабларга дезинфекция воситалари маҳаллий ҳокимликлар томонидан етказиб берилади, ўқитувчилар томонидан эмас»