Режиссёр Зулфиқор Мусоқов «Осмондаги болалар» фильмининг мантиқий давомини суратга олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
«Ҳурматли ‘Осмондаги болалар’ ва ‘Осмондаги болалар 2’ фильмимизнинг мухлислари! Сал кам йигирма йил олдин ‘Ўзбекфильм’ студиясида яратилган фильмимизга бўлган севгингиз учун ташаккур! Бир йил давомида юзлаб эмас, минглаб томошабинларнинг илтимосига кўра мен ‘Осмондаги болалар 3 — Ердаги эркаклар’ фильми сценарийсини бугун ёзиб тугатдим ва яқин кунларда ‘Ўзбеккинo’га топшираман. Худо хоҳласа, тўсқинликлар бўлмаса фильмни олармиз ҳам», — деб ёзади Зулфиқор Мусоқов.
Маълумот учун, «Осмондаги болалар» фильми 2002 йилда суратга олинган.
Фильм тўрт дўстнинг ҳаёти, орзу умидлари ва қийинчиликлари ҳақида. Ҳамдам, Хуршид, Жавоҳир ва Бахтиёр ҳар хил бўлса-да, болаликдан бирга ўсган дўстлардир. Бахтиёрнинг оиласи тўрт киши, бобоси, отаси, онаси, оиладаги энг яқин инсони бобоси. Хуршиднинг отаси эса — машҳур режиссёр ва айни дамда сценарий ва ғоя йўқлиги сабабли фильм олмай қўйган. Кинога қизиқадиган Ҳамдам новвой бўлиб ишлайди, оилада тўрт нафар — онаси, синглиси ва ичкиликка ружу қўйган отаси билан 2 хонали квартирада яшайди. Жавоҳирнинг отаси эса — трамвай ҳайдовчиси. Кунларнинг бирида уларнинг синфига янги ўқувчи қиз — Лола қўшилади. Бош қаҳрамонларнинг ҳаммаси уни севиб қолади...
Фильмда бош ролларни Музаффар Саъдуллаев, Тимур Мусоқов, Кристина Тоирова, Азиз Султонов ва Даврон Ғуломов ижро этган.
Мавзуга доир:
- «Осмондаги болалар» фильмидаги Жавоҳир, Лола, Хуршид ва Бахтиёр ҳозир қаерда? (видео)
- «Осмондаги болалар»даги Хуршид нима сабабдан киноларда бошқа суратга тушмаганига ойдинлик киритди (видео)
- Бурни синган «Ҳамдам». «Осмондаги болалар» фильмидаги Ҳамдам кастингдаги қизиқ ҳолат ва «Осмондаги болалар 3»нинг суратга олиниши ҳақида (видео)