Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 4 май, душанба куни соат 21:20 ларда одам ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда ЙҲХББ хабар берди.
Ҳодиса Мустақиллик кўчасида жойлашган Халқ банки рўпарасида юз берди. 1989 йилда туғилган А.С. бошқарувидаги Lacetti юқори тезликда кетаётиб, йўлнинг ўнг четида тўхтаб турган, ҳаракатда бўлмаган «Йўл қурилиш унитар» корхонасига тегишли бўлган асфальт ётқизиш машинасига урилган.
Lacetti ҳайдовчиси А.С. олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Ушбу транспорт воситаси йўловчиси 1986 йилда туғилган А.П. тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Ғузор тумани ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 4 май куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ҳам одам ўлими билан якунланган ЙТҲ содир бўлди. «Жигули» юк машинасига урилиши оқибатида юк машинасида бўлган 22 ёшли аёл ва унинг 2 ёшли боласи вафот этди.