Хитойлик ёлғиз ҳамшира коронавирусга қарши кураши учун мукофот сифатида мамлакат раҳбариятидан ўзига йигит топиб беришни сўрамоқда. Бу ҳақда Унилад хабар берди.
Маълум бўлишича, 30 ёшли ҳамшира Тиан Фангфанг Хитойнинг Ухань шаҳридаги коронавирусга чалинганларни даволаш учун вақтинчалик касалхонага ишлаш учун келган.
25 февраль куни Фангфанг Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида ҳимоя кийимида, қўлида қоғоз ушлаб тушган суратини жойлаган. Унда коронавирус эпидемияси тугаши билан қилган хизматлари учун мукофот сифатида давлатдан ўзига эр топиб беришни сўраган.
Ҳамширанинг тармоқда жойлаган пости тарқаб кетган ва у жуфт қидираётгани ҳақида бутун мамлакат хабардорлигини билганида ҳайрон қолганини айтган. Қиз бўйи 170 сантиметр бўлгани учун ўзига ўхшаган баланд бўйли йигит хоҳлашини билдирган.
Фангфанг севгилисини келажак учун қидираётганини, ҳозир эса бор эътиборини ўз ишини яхши бажариш ва коронавирусга қарши курашишга қаратганини таъкидлаган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирус билан касалланганлар сони 80 151 кишига етган. Вирус оқибатида 31 киши вафот этган бўлиб, уларнинг барчаси вирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинциясидан. Шу кунгача вафот этганлар сони 2943 кишини ташкил этмоқда. Сўнгги бир сутка ичида 2742 киши даволанишга муваффақ бўлган.
Касаллик Хитойдан ташқари яна 64 та давлатда тарқалган.