Интернет тармоғида тарқаган видеоёзувда ёш йигит Юнусобод тумани Обид Зокиров кўчасида жойлашган «Гвардейская» ЙҲХБ РЎ ва ИОБ диагностик станциясига келганини маълум қилди. Видео муаллифи вақтни кўрсатганда соат 10:26 бўлган эди, иш вақти соат 09:00 дан 18:00 гача бўлишига қарамасдан ходим хизмат жойида йўқлигидан норозилик билдирди. Шу билан бирга кўчада навбат тўпланаётганлиги ҳам кўриниб турар эди.
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Хабарда айтилишича, ушбу видео 2020 йилнинг 27 январь куни олинган. Ўша кунда РЎ ва ИОБ ҳузуридаги диагностик станцияда подполковник М.Боқижонов хизмат олиб борган ва соат 08:00 дан ишда бўлган. Аммо соат 10:00 га яқин ходим ўзини ёмон ҳис қилганлиги сабабли инфаркт гумони билан Ички ишлар вазирлигининг Марказий шифохонаси жонлантириш бўлимига етказилди.
Шу сабабли «Гвардейская» ЙҲХБ РЎ ва ИОБ постига тезлик билан ўринбосар – катта инспектор лейтенант И. Аҳмедов жўнатилди. Тез орада диагностик станция иши ҳам давом этди.
«Қайд этиш жоизки, сўнги икки ЙҲХБ РЎ ва ИОБ фаолиятини такомиллаштириш бўйича жиддий ишлар амалга оширилиши натижасида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Хусусан, хизмат кўрсатилиши давомида навбат муаммоси деярли ҳал қилинган.
ЙҲҚ бузилгани учун жаримани банк кассалари орқали ва онлайн тўлаш имконияти пайдо бўлди; ягона база ташкил этилгани натижасида ЙҲХБда тўлов амалга оширишда прописканинг даҳли йўқ.
Баённома тузилаётганда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш амалиёти фақатгина қоидабузарликларнинг тор рўйхати учунгина сақланиб қолинган. Ўтган йилиёқ жойларда рақамли навбат амалиёти жорий этила бошлади: биринчи аппарат Файзобод РЎ ва ИОБда пайдо бўлди.
Бундан ташқари, яқинда ЙҲХБнинг туман бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномасининг эски нусхасини янгисига алмаштириш вазифаси ечилди, энди бу мақсадда Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш керак бўлади. Техник паспорт алмаштириш хизмати, шунингдек, давлат рақам белгиларини олиш билан транспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш тартибини ҳам шундай ‘қисмат’ кутмоқда.
Қўшимча қиламизки, биз томонимиздан ходим ва фуқаро ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш бўйича мунтазам ишлар олиб борилмоқда. Жойларда ўрнатилган кофе ва ширинликлар аппаратлари ҳамда текин Wi-Fi ЙҲХБ бўлинмаларида қулайликни оширади. Биз томондан олиб борилаётган ишларга муносиб баҳо берасизлар, деган умиддамиз. Барчангиздан холисликни сўраб қоламиз, биз эса, ўз навбатимизда ҳолатни яхшилашда давом этамиз», — дейилади хабарда.