Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистондаги барча ўқув муассасаларида беш кунлик ўқиш тизими жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасида сўз боради.
Бундан кўзланган мақсад ўқувчи ва талабаларнинг ўз ота-оналари билан мамлакат бўйлаб саёҳат қилишига имконият яратиш.
Шунингдек, туристик мавсумни узайтириш мақсадида ёзги таътил ҳисобига қишки таътилни узайтириш ҳам таклиф қилинди.
2020–2025 йилларда Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш концепцияси лойиҳасида ёшлар ўртасида саёҳатни оммалаштириш ва ёш хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича бир қатор тадбирлар ва лойиҳалар мавжуд.
Келтирилган маълумотларга кўра, 2018 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳларнинг 1,52 миллион нафарини ёшлар ташкил этган бўлса (2017 йилга нисбатан 12 фоизга кўп), 2019 йилда эса уларнинг сони 1,75 миллиондан ошган.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 2025 йил охирига қадар хорижлик ёш сайёҳлар сонини 4 миллионга, маҳаллий ёш туристларни эса 12 миллионга етказиш ниятида. Бунга туризмни ва унга алоқадор инфратузилмани модернизация қилиш, туристик маҳсулотларни диверсификация қилиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, шунингдек, турли тадбирларни ташкил этиш ва мамлакатни ёшлар туризмининг жозибадор маркази сифатида хорижда кенг тарғиб қилиш орқали эришиш мумкинлиги айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ўзбекистонда биринчи бўлиб 25 ноябрдан ўқиш ҳафтасини беш кунлик этиб белгилагани ҳақида хабар берилган эди.