Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бош прокуратура ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Ўзбекистон Президентининг «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган шахслар суд томонидан тайинланган жазонинг учдан икки қисмини ўташса, Президентга афв сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
«Маҳкум жазонинг учдан икки қисмини ўтасагина Президентга афв сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Президентнинг 2018 йил 8 майдаги фармони билан тасдиқланган ‘Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисидаъги низомда бу қоида киритилган. Жазонинг учдан икки қисмини ўтаб бўлиб, кейин жазони ўташ муассасаси маъмурияти орқали ариза билан Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссияга мурожаат қилади», — дейди бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова.
Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситаларига қайд этилган фармон ижросининг бориши хусусида ахборот берилди.
Жумладан, фармонга асосан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган 575 нафар шахслар афв этилиб, шундан 361 нафари жазодан озод этилди ва 214 нафарининг ўталмаган жазо муддати 1/4 қисмига қисқартирилган.
Жазодан озод этилган 361 нафар шахсларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш ҳамда улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларнинг барчаси ички ишлар идораларининг профилактик ҳисобига олинди, 257 нафарига биометрик паспортлар берилди, 1 нафар чет эл фуқароси ва 1 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистонда доимий яшаш гувоҳномаси расмийлаштирилди.
Соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамкорликда афв этилганларнинг 361 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик хулосаси асосида уларнинг 24 нафари даволаниши ташкил этилди, 6 нафарига нафақа тайинланди.
Шунингдек, афв этилган шахсларга маҳаллий ҳокимликлар томонидан 419,8 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди, меҳнатга лаёқатли бўлган 326 нафаридан 315 нафари ишга, 10 нафари ўқишга жойлаштирилди.
Озод этилган шахсларнинг ижтимоий мослашувида ёрдам кўрсатиш мақсадида уларнинг яшаш, ўқиш ва иш жойларида 1253 нафар мураббийлар бириктирилди.