Маълумки, жорий йилнинг 16—22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига қўшни Туркманистон Республикаси орқали Эрон давлати ҳудудидан иссиқ ҳаво оқими кириб келиши сабабли жойларда ҳарорат 44-45 даражагача иссиқ бўлиши кузатилмоқда. Бунинг натижасида Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудларидан республиканинг тоғ ва тоғолди ҳудудларига гляциал сел оқимларининг ўтиш эҳтимоли мавжуд.
ФВВ маълум қилишича, бу эса ўз навбатида мамлакатдаги дарёлардаги сув ҳажмининг сезиларли кўпайишига олиб келади. Хусусан, ўтган йиллар билан таққослаганда Самарқанд вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон, Қорадарё ва Оқдарё дарёларида ҳам сув ҳажми нисбатан ошганлигини кузатишимиз мумкин.
Кутилаётган иссиқ кунларни беталофат ўтказиш мақсадида, Самарқанд вилоятида ҳам тегишли амалий тадбирлар олиб борилмоқда. Дарёлар қирғоқларини, кўприкларни мустаҳкамлаш, муҳофаза зонасида жойлашиб қолган объектларни аниқлаб бартараф этиш, ҳимоя дамбаларининг хавфсизлигини таъминлаш шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоиз, айни дамда Зарафшон дарёсининг Жомбой тумани қўриқхона ҳудудидаги ҳимоя дамбасини мустаҳкамлаш бўйича Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, вилоят ва Жомбой туман ҳокимлиги, Зарафшон магистрал сувлардан фойдаланиш бошқармаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда зарурий муҳандислик ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирларга жами 184 нафар ишчи-ходим, шунингдек 60 га яқин махсус техникалари жалб этилган.
Изоҳ (0)