Марказий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига квота асосида олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномаларни топширишга бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилмоқда.
Тадбирда округ қўшинлари қўмондони, ҳарбий қисм командирлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.
Тадбир давомида Самарқанд (27 та), Жиззах (15 та) ҳамда Навоий (22 та) вилоятларида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, жанговар хизматда ва илмий фаолиятда муайян натижаларга эришган офицер, сержант ва оддий аскарларнинг фарзандларига округ ҳисобида (48 нафар йигит ва 16 нафар қизга) – жами 64 та имтиёзли тавсиянома берилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисида»ги 3276-сон Қарорига мувофиқ, 2018 йилда республика бўйлаб жами 565 нафар ҳарбий хизматчининг фарзандларига тавсияномалар берилган бўлиб, уларнинг 280 нафари талабаликка қабул қилинган.