Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ИИБ ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, Т.К. исмли аёлнинг уйидан 5000 дона «Трамадол» психотроп дори воситаси топилиб, далилий ашё сифатида олинган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар бермоқда.
Шу куни Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро Ю.Ю.нинг яшаш уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадон ҳаммомидан 20 та кассетада жами 200 дона «Трамадол» ва 2 та кассетада жами 28 дона «Лирика» психотроп дори воситалари топилган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, 2018 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан психофаол дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш мақсадида ушбу дори воситалари гиёҳвандлик воситаларининг аналоглари сифатида баҳоланган.
Эндиликда «Трамадол» дори воситаси билан муомала қилган ҳар қандай шахс Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, «Лирика» дори воситаларини ноқонуний сотгани учун эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига биноан жазога тортилади.