Sputnik Matiz ва «Запорожец» автомобиллари ўзаро қариндошлиги, иккаласининг ҳам «бобоси» Fiat F600 эканлиги ҳақида мақола эълон қилди. Уни тўлиғича келтириб ўтамиз.
GM Uzbekistan 1 июнь куни Matiz ва Captiva моделлари ишлаб чиқарилгани тўхтатилганини эълон қилди. Ушбу ихчам, тежамкор ва «истараси иссиқ» автомобилнинг мухлислари нафақат Ўзбекистон, балки Россияда ҳам жуда кўп. Қуйида Matiz пайдо бўлиши ҳақидаги қизиқ маълумотни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Совет даврининг 60 йилларида «Запорожец ЗАЗ-965» русумли автомобиль бўларди. Халқ орасида уни «Горбатий», яъни «Букри» деб аташарди.
Айтиш жоизки, ушбу лақаб автомобилнинг ёмонлиги учун эмас, фақат ташқи кўриниши учунгина берилган эди. Автомобиль ўз даврига мос эди, кўпчиллик ундан меҳр билан фойдаланар, миллионлаб кишилар у ҳақда орзу қиларди.
Хуллас, ўша «Запорожец 965» автомобилини совет конструкторлари, Fiat’нинг F600 ёки «Сейченто» (яъни – олти юзинчи) моделидан кўчириб олган эди. Урушдан кейинги камбағал Европада ушбу кичик автомобиль ўта оммавий эди. Мана, ўзингиз томоша қилинг ва бешта фарқини топинг.
«Запорожец»нинг фақат иккита эшиги бўлар ва улар олд томонидан очилар эди. Салон ҳам оддий: олдинда икки ўриндиқ, орқада кичик диван.
Ушбу кичик ва камчиқим автомобиль бир оиланинг эҳтиёжини қондирар эди. Миллионлаб совет оилалари учун ЗАЗ-965 биринчи шахсий автомобиль бўлди. «Жигули» пайдо бўлгунига қадар ушбу автомобиль барчанинг орзусига айланди.
Орадан 30 йил ўтиб, 1990 йиллар бошида, Италиянинг етакчи автомобиль дизайнерларидан бири — Жоржетто Жужаро, бир вақтлар машҳур бўлган Fiat «Сейченто» хотирасига атаб, янги автомобиль дизайни яратади ва уни Lucciola (яъни Ёнарқурт) деб атайди.
Афсуски (балки яхшиям), Fiat маркетологларига ушбу автомобиль дизайни маъқул келмайди ва улар ундан воз кечади. Жужаро бўлса, тайёр бўлган автомобиль дизайнини Жанубий Кореянинг Daewoo корпорациясига сотади.
Автомобильга Matiz M100 деб ном қўйишади. Дастлаб 1997 йилда у Жанубий Кореяда ишлаб чиқарила бошлайди. Ундан сўнг Польша, Руминия ва Ҳиндистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ўзбекистонда Matiz автомобилини ишлаб чиқариш 2000 йилдан бошланган.
Россиялик харидорларга ҳам Matiz жуда хуш келди. У 10 йил давомида — энг кўп сотилган кичик литражли автомобиль унвонини эгаллаб турди. Унинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилгани ҳақидаги хабар – кўп сонли мухлисларни хафа қилди, десак адашмаймиз.