Ўзбекистонда аҳолига бепул бериладиган дори воситалари рўйхати эълон қилинди
Соғлиқни сақлаш вазирининг 2027 йилда кучга кирадиган буйруғи билан Реимбурсация дастурига киритилган касалликлар ва уларни даволашда бериладиган дори воситалари рўйхати тасдиқланди.
Мазкур рўйхат Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан келишилган. Рўйхатга онкологик, руҳий, юрак-қон томир, эндокрин ва бошқа касалликлар киритилган бўлиб, уларни даволаш учун 69 та дори воситаси белгиланган. Улар қаторида Омепразол, Трамадол Амброксол, Калий ёдид, Гепарин каби дори воситалари бор.
Реимбурсация сўзининг маъноси харажатларни қоплаш бўлиб, сурункали касалликларни даволаш учун шифокор буюрган дорилар харажатини қоплаш назарда тутилган. Бунда оилавий шифокор ёзган электрон рецепт асосида бемор Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналардан дориларни бепул олади.
Реимбурсация дастури доирасида дори воситаларини бепул олиш тартиби
Ушбу дастур доирасида дори воситаларини бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги 619-сон қарори билан тасдиқланган Касалликларни амбулатор шароитда даволашда дори воситалари харажатларини қоплаш бўйича реимбурсация дастури тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.
Реимбурсация дастури доирасида дори воситалари беморга Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналар орқали электрон рецепт асосида бепул берилади. Шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт ўрнатилган тартибда тасдиқланганидан сўнг ахборот дастури орқали Жамғарма билан шартнома тузган дорихоналарга узатилади ҳамда бемор (унинг қонуний вакили ёки бириктирилган патронаж ҳамшираси)нинг мобил телефон рақамига мазкур рецептнинг рақами ва санаси акс эттирилган SMS-хабарнома автоматик равишда юборилади.
Бемор (унинг қонуний вакили ёки бириктирилган патронаж ҳамшираси) электрон рецепт асосида дори воситасини олиш учун дорихонага мурожаат қилиб ушбу электрон рецепт рақамини маълум қилганидан сўнг дорихона ходими томонидан ахборот дастурида мазкур электрон рецепт бўйича дори берилиши тўғрисида амалиёт бажарилади ҳамда бемор (унинг қонуний вакили ёки бириктирилган патронаж ҳамшира) мобил телефон рақамига SMS-хабарнома орқали махсус код юборилади.
Дорихона ходими SMS-хабарнома орқали юборилган махсус кодни бемордан сўрайди ва ахборот дастурига киритади, киритилган махсус код ахборот дастури томонидан қабул қилинганидан сўнг реимбурсация дастурига киритилган энг паст чекланган қоплаш қийматига эга бўлган дори воситаси бемор (унинг қонуний вакили ёки бириктирилган патронаж ҳамшираси)га берилади ҳамда ахборот дастурида дори воситаси берилганлиги дорихона ходими томонидан тасдиқланади ва мазкур электрон рецепт ёпилади.
Бундан аввал соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан йўлга қўйилган “Электрон ресепт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартиби бекор қилиниши кутилаётгани хабар қилинганди. Электрон рецепт асосида дори воситаларини тайинлаш масалалари бўйича ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаб, тиббиёт ташкилотлари, дорихоналар ва фуқаролар ўртасида ҳуқуқий нормаларни турлича шарҳлаш ва талқин қилиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш режалаштирилган.