Россия бош вазири Дмитрий Медведев Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси очилиши муносабати билан табрик телеграммаси йўллади. Унинг матни Россия ҳукумати расмий сайтида келтирилди.
Табрикда, жумладан, шундай дейилади:
«Азиз дўстлар!
Сизларни Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси муддатидан аввал иш бошлаётгани билан табриклайман. Бу Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатларимиз аҳамиятини кўрсатувчи муҳим воқеадир.
Муҳандислар, геологлар ва қурувчилардан иборат кўп минг кишилик жамоанинг машаққатли меҳнати туфайли мажмуа рекорд даражада қисқа муддат — атиги икки йилда барпо этилди. Корхона қайта ишлаш самарадорлиги ва экологик хавфсизлик бўйича энг замонавий технологик талабларга жавоб беради.
Табиий газнинг мавжуд 8,1 миллиард кубометр қуввати билан мажмуа Марказий Осиёдаги энг йирик корхоналардан бирига айланади. Қандим конларини ўзлаштиришда муҳим ўрин тутади.
Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси очилиши Ўзбекистон нефтгаз соҳаси ва бутун иқтисодиётининг янада ривож топиши, энегетикада икки давлатнинг ўзаро шериклиги учун катта имкониятлар борлигини тасдиқлашга хизмат қилади. Зеро, ‘Қандим—Хаузак — Шоди’ лойиҳаси доирасида жами 200 миллиард кубометр газ қазиб олиниши мўлжалланмоқда.
Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси базасида Россия ва Ўзбекистон иқтисодиётларига наф келтирадиган ҳамкорликдаги янги ташаббуслар амалга оширилишига ишонч билдираман».
Эслатиб ўтамиз, Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)