Шу кунларда Тошкент шаҳрининг туманларида ташкил этилаётган сайёр қабулларнинг навбатдагиси Чилонзор туманида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов бошчилигидаги сайёр қабул Тошкент давлат педагогика университети биносида бўлиб ўтди.
Қабул давомида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани аҳолисининг ариза ва шикоятлари тингланди.
Чилонзор туманидаги маҳаллалардан бирининг вакили маҳалладаги 24 та хонадонга канализация ўтказиш масаласида мурожаат қилди.
Туманда яшовчи бошқа бир аёл ёш оила учун уй-жой масаласида мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, уй олиш учун ихтиёрида дастлабки тўлов суммаси борлигига қарамасдан, ҳокимият унинг мурожаатига нисбатан эътиборсизлик қилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган, аммо кредит олиш масаласида жиддий тўсиқларга дуч келаётган яна бир аёлнинг мурожаати йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини тортди.
Мурожаат қилувчи ўғилларининг вояга етиб, мамлакат ривожи учун меҳнат қилишга тайёр эканлигини, бироқ кредит олиш масаласида юзага келаётган муаммолар сабабли хорижга ишлаш учун кетмоқчи бўлаётганини куйиниб гапирди.
Бир неча йил аввал автоҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолган аёл ўз ўғлининг олий таълимдаги ўқишини тиклаш масаласида мурожаат қилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!