2016 йил 11 декабрда Қоҳиранинг Аббосия туманидаги насронийлар собор мажмуасида портлаш юз берди. Натижада, дастлабки маълумотларга кўра, 25 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиғи жароҳатланди.
«ТАСС» Миср ҳудудида 2013 йил июлида президент Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг юз берган йирик террорчилик ҳаракатлари хронологиясини тайёрлади.
2013 йил 19 августда Синай ярим ороли шимолида экстремистлар Миср полицияси ўтирган иккита микроавтобусни ракета билан ўққа тутди. 24 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳалок бўлди.
2013 йил 24 декабрда худкуш террорчи Дакаҳлия провинциясининг Ал-Мансур шаҳридаги полиция бошқармаси яқини ўзини портлатиб юборди. Оқибатда 15 киши, шу жумладан 12 нафар ҳарбий ҳалок бўлди, 135 киши яраланди. Портлаш учун жавобгарликни «Ансар Байт ал-Макдис» гуруҳи ўз бўйнига олди.
2014 йил 19 июлда Мисрдаги Ал-Фарафра шаҳридан 100 км масофада экстремистлар армия таянч пунктига қуролли ҳужум уюштирди. Натижада 31 нафар мисрлик чегарачи ҳалок бўлди, жанговар тўқнашувда уч нафар экстремист ўлдирилди.
2014 йил 24 октябрда Шайх-Зувайд ва Ал-Ариш шаҳарларидаги блокпостларга ҳужумлар натижасида Миср хавфсизлик кучларининг 31 ходими ҳалок бўлди, яна ўнлаб ҳарбий хизматчилар яраланди. Худкуш армия назорат-ўтказиш пунктида автомобилни портлатиб юборди, сўнг жангарилар гуруҳи пунктда сақланадиган қурол ва ўқ-дориларни қўлга киритди.
2015 йил 29 январда Ал-Аришдаги армия инфратузилмаси объектларига қарши кетма-кет ҳужумлар уюштирилди. Шаҳар хавфсизлиги бошқармаси, ҳарбий хизматчилар учун меҳмонхона ва блокпост экстремистларнинг нишонларига айланди. Ушбу терактлар ва жангарилар билан тўқнашувлар натижасида 26 киши ҳалок бўлди. Жиноят учун жавобгарликни «Ансар Байт ал-Макдис» гуруҳи ўз зиммасига олди.
2015 йил 1 июлда 300 га яқин қуролланган жиҳодчилар бир вақтнинг ўзида Синай ярим оролида Шайх-Зувайд шаҳридаги армия ва полиция блокпостларига ҳужум қилди, оқибатда 17 киши қурбон бўлди.
2015 йил 31 октябрда Россиянинг Metrojet авиакомпаниясига тегишли Airbus A321-231 Шарм-аш-Шайхдан Санкт-Петербургга учаётиб, Мисрнинг Шимолий Синай провинциясида теракт натижасида ҳалокатга учради. Бортдаги 224 кишининг барчаси ҳалок бўлди. Ҳалокатдан сўнг кўп ўтмай, ИШИД вакиллари ҳодисага алоқадорлигини маълум қилди.
2016 йил 21 январда Қоҳирада полициячилар Харам туманидаги турар-жойга бекинган террорчилар гуруҳини қўлга олиш бўйича операцияни ўтказди. Бомбалардан бирини зарарсизлантириш чоғида кучли портлаш юз берди, оқибатда ўн киши ҳалок бўлди. Портлаш учун масъулиятни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.