Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи 3-турида Қаршининг «Насаф» жамоаси Қатарнинг «Ал-Жаиш» клубига мағлуб бўлди. 16 март, чоршанба куни бўлиб ўтган ўйин тақдирини «Ал-Жаиш»нинг ўзбекистонлик футболчиси — Сардор Рашидов томонидан 87-дақиқада урилган гол ҳал қилди.
Бунгача бош мураббий Рўзиқул Бердиев қўл остидаги «Насаф» Саудия Арабистонининг «Ал-Аҳли» клубига сафарда 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, сўнг ушбу жамоани Қаршида худди шу ҳисоб билан мағлуб этганди.
Шу тариқа, 3-турдан сўнг ОЧЛнинг «Д» гуруҳида қизиқарли ҳолат юзага келди — Сардор Рашидов жамоаси уч ўйинда 100 фоизлик натижа қайд этиб, 9 очко тўплаган, гуруҳдаги қолган уч клуб барча кўрсаткичлар бўйича бир хил натижа қайд этган. ОФК расмий сайти бу борада «Насаф»ни 3-ўринга жойлаштирган.
Қайд этиш жоиз, «Ал-Жаиш» гуруҳ босқичи 3-туридан сўнг ОЧЛда юз фоизлик натижа қайд этаётган икки жамоадан бири бўлиб турибди. «Ф» гуруҳидаги Жанубий Кореянинг «Сеул» клуби ҳисобида ҳам уч ўйиндан сўнг 9 очко бор.
Маълумот учун, Қарши клуби навбатдаги тур учрашувини 5 апрель куни «Ал-Жаиш»га қарши ўз майдонида ўтказади.
Осиё Чемпионлар Лигаси «Д» гуруҳи, 3-тур учрашуви 16 март, чоршанба
«Ал-Жаиш» (Қатар) — «Насаф» (Ўзбекистон) 1:0 (0:0)
Гол: Сардор Рашидов, 87 (1:0).Огоҳлантириш: Мақсуд Каримов, 30 (Н).«Ал-Жаиш»: 16. Халифа Абабакар, 2. Мурод Нажи Ҳусайн, 4. Лукас Мендес, 6. Ёсир Иса, 9. Абдулраззоқ Ҳамдаллаҳ, 10. Сардор Рашидов, 17. Отман ал-Яҳрий (12. Мажид Муҳаммад, 58), 19. Абдураҳмон Муҳаммад, 23. Холид Ал Зригий, 27. Аҳмад Муин Дузандеҳ, 31. Ромарино Рикардо (20. Вагнер Рибейро, 90+2).
«Насаф»: 25. Элдор Суюнов, 4. Мақсуд Каримов (27. Ислом Рашидхонов, 90+1), 7. Шуҳрат Муҳаммадиев, 9. Илҳом Шомуродов, 10. Дилшод Раҳматуллаев, 17. Артур Геворкян, 18. Баҳром Абдураҳимов, 20. Эркин Бойдуллаев, 23. Шерзод Аъзамов, 31. Сайдулло Раҳматов, 45. Бобир Абдихолиқов (38. Дониёр Нарзуллаев, 75).