Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Қуръоннинг баъзи сураларини экстремистик маълумот сифатида тан олган Жанубий Сахалин суди судьяси Наталя Перченкони миллий сотқин деб атади. «ТАСС»нинг хабар беришича, ҳозирги вақтда Қодировнинг кўрсатмасига мувофиқ, судьянинг мазкур қарори устидан апелляцион шикоят тайёрланган.
«Бу қарорни чиқарганлар (судья Наталя Перченко ва прокурор Татьяна Билобровес) — миллий сотқинлар ва шайтонлардир! Мазкур суд қарорини қабул қилган ва бу билан мамлакатимиздаги вазиятни портлатишга уринган иғвогарларни қаттиқ жазолашни талаб қиламан», — деди Қодиров.
«Агар уларга нисбатан қонуний йўл билан муносиб чора кўрилмаса, у ҳолда мени жиноятчига айлантиришади. Мен уларни шахсан жавоб беришга чақираман, чунки ҳаётимда Қуръондан ҳам юқорироқ турадиган ҳеч нарса йўқ. Мен уни охиригача ҳимоя қиламан», — деди Қодиров.
Чеченистон раҳбарининг сўзларига кўра, суднинг қарорини «Россиядаги барқарорликни қасддан издан чиқаришга қаратилган» эксремистик ҳаракат деб тан олинишини талаб қилиш суд қарори устидан шикоят берилганидан кейинги қадам бўлади. Унинг таъкидлашича, экстремистик деб тан олинган «Ал-Фотиҳа» сураси билан «жаҳондаги бир ярим миллиард мусулмон барча ибодатлари ва ҳаракатларини бошлайди».
Аввалроқ Россиянинг Жанубий Сахалин суди судьяси Наталя Перченко прокурор Билобровеснинг даъвосига асосан, «Худога ибодат қилиш: унинг Исломдаги аҳамияти» номли китобни «экстремистик материал» деб тан олганди. Бунга китобда Қуръоннинг «Ал-Фотиҳа», «Ал-Жин» каби сураларидан келтирилган иқтибослар сабаб бўлган.