Москва вилоятидаги Истра сув омбори устида гидроплан ва вертолёт тўқнашуви натижасида 8 киши вафот этди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Москва вилоятидаги Бош бошқармасига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Ҳалок бўлганларнинг жасади сувдан чиқариб олинган.
«Ҳозир қутқарувчилар вертолёт корпусини чиқариб олишга тайёрланмоқда. Шундан кейин улар яна бир марта сув тубини текширади, қолган бўлакларни чиқариб олади», — деди агентлик суҳбатдоши.
ФВВ расмий сайтидаги хабарга кўра, Cessna-206 гидросамолёти бортида беш киши бўлган, улардан икки нафари болалардир. Robinson-44 вертолёти бортидаги тўрт кишидан бир нафари ёш бола бўлган.
Яна бир кишини қидириш ишлари давом этмоқда. Унинг ҳам ҳаётдан кўз юмгани тахмин қилинмоқда.
Вертолёт ва самолётнинг тўқнашуви бўйича жиноий иш очилди.
Эслатиб ўтамиз, Истра сув омборига қулаган вертолётни мотопарапланер бўйича жаҳон чемпиони бошқарган.
Изоҳ (0)