2014 йил 11−15 ноябрь кунлари Франция Қуролли кучлари Тиббий хизмати мутахассисларидан иборат делегация Тошкент тиббиёт академияси қошидаги Ҳарбий-тиббиёт факультети курсантлари ва профессор-ўқитувчилари жамоасига маърузалар ўқиш мақсадида иккинчи маротаба Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий сайти хабар бермоқда.
Франциялик икки ҳарбий врач ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳарбий-дала тиббиёти соҳасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди. Бунда асосий урғу тоғ жойларда жанговар ҳаракатлар шароитида тиббий хизмат билан таъминланишни ташкил қилишга берилди. Франциялик мутахассислар тингловчилар билан бўлган самарали ва сермазмун мулоқотга юқори баҳо бердилар.
Мазкур тадбир ривожланиб бораётган икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик доирасида ўтказилиб, у ҳарбий тиббиёт Франция ва Ўзбекистон қуролли кучлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири эканлигини кўрсатди. Томонлар 2015 йилда бошқа тадбирлар ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар.
Изоҳ (0)