Ҳиндистонда тарвуз истеъмол қилган мумбайлик бир оиланинг тўрт аъзоси вафот этди. Бу аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқарди ва ёзги полиз экини савдосининг кескин пасайишига сабаб бўлди. Бу ҳақда The Independent хабар берди.
27 апрель куни эрта тонгда Мумбайда яшовчи 45 ёшли Абдулла Докадия, унинг 35 ёшли рафиқаси Насрин ҳамда қизлари: 16 ёшли Ойша ва 13 ёшли Зайнаб вафот этган. Маълум қилинишича, ўша куни кечқурун оила тўққиз нафар меҳмонни кутиб олган ва уларга биряни таомини тортиқ қилган.
Меҳмонлар кетганидан кейин, тунги соат 01:00 атрофида оиланинг тўрт аъзоси тарвуз еган. Саҳар соат 05:00 ларда уларнинг аҳволи оғирлашган: уларда қайт қилиш, қорин оғриғи ва ич кетиши кузатилган.
Оила аъзолари ярим ҳушсиз ҳолатда шифохонага етказилган, бироқ бир неча соат ичида бирин-кетин вафот этган. Шуниси қизиқки, кечки овқатда худди шу таомни еган меҳмонлардан ҳеч бири касалланмаган. Полиция мазкур ҳолат юзасидан бахтсиз ҳодиса сифатида иш қўзғатди ва меҳмонлардан кўрсатма олди. Шунингдек, ҳозирда оиланинг ўлимидан олдин молиявий ёки руҳий босим остида бўлган-бўлмагани ҳам текширилмоқда.
Бозорлардаги инқироз ва ваҳима
Хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан тарвузга бўлган талаб деярли 30 фоизга камайиб кетди. Сотувчилар экин нархини килограммига 5–7 рупийгача (0,06–0,08 доллар) туширишга мажбур бўлмоқда. Ваҳоланки, одатда улгуржи нарх 10 дан 35 рупийгача (0,12–0,42 доллар) эди.
Мумбай чакана савдо нуқталарида тарвуз нархи одатда 30 дан 100 рупийгача (0,36–1,20 доллар) сотилади. Шаҳардаги Кроуфорд бозори сотувчилари мижозлар ҳатто сотиб олган тарвузларини ҳам қайтариб олиб келаётганини таъкидламоқда.
Махараштра штати Озиқ-овқат ва дори-дармонлар бошқармаси оиланинг уйидан биряни, тарвуз, ичимлик суви, гуруч, товуқ гўшти, хурмо ва зираворлар намуналарини лаборатория текшируви учун олиб кетди. Ҳозирда суд-тиббий экспертизасининг якуний хулосаси кутилмоқда.
Шифокорлар ижтимоий тармоқлардаги тарвуздан заҳарланиш ҳақидаги гаплар илмий асосга эга эмаслигини таъкидламоқда. Қурбонлар вафот этган шифохона бош шифокори доктор Санжай Сурасенинг сўзларига кўра, вазият оддий озиқ-овқатдан заҳарланишга ўхшамайди.
“Аҳволнинг тезда ёмонлашиши ва бутун оиланинг бирданига зарарланиши одатдаги овқатдан заҳарланиш белгиларига тўғри келмайди. Биз заҳарли ёки кимёвий модда эҳтимолини кўриб чиқяпмиз”, деди у.
Штат озиқ-овқат хавфсизлиги комиссари ҳам тарвуздаги пестицидлар даражаси юқори бўлса ҳам, бундай тез ўлимга сабаб бўлмаслигини таъкидлади. Тарвузлар Махараштра, Карнатака ва Гужарат штатларидаги фермалардан олиб келинади ва ҳозирда деҳқонлар ҳам бу ваҳималардан хавотирда.