Жанубий Кореяда тўрт кун давомида ёғган жала кенг кўламли офатларга сабаб бўлди. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, камида 5 киши ҳалок бўлган, 4 киши бедарак йўқолган, дея хабар бермоқда Yonhap.


Беш мингдан ортиқ хонадондан етти мингдан зиёд одам эвакуация қилинди, 2800 дан ортиқ киши эса сув босган йўллар ва вайрон бўлган хонадонлар туфайли ҳозирча уйларига қайта олмаяпти.
Таъкидланишича, мамлакатнинг турли ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши давом этмоқда, бу йўлларни ювиб, кўчкиларга сабаб бўлмоқда. Сўнгги тўрт кундаги ёғингарчилик миқдори йиллик меъёрдан ўртача 40 фоизга ортган. Жамоат инфратузилмасига зарар етказиш билан боғлиқ 729 та ҳолат ва мингдан ортиқ хусусий мулкка зарар етказиш ҳолатлари қайд этилган.


Энг кўп Чхунчхон ва Кенгидо вилоятлари зарар кўрган. Бир қатор ҳудудларда бир сутка ичида рекорд даражада ёмғир ёғган. Сосан шаҳрида 340 мм дан ортиқ ёмғир қайд этилган бўлиб, бу сўнгги 50 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Сув тошқинлари яна ўнлаб шаҳарларга, жумладан, жанубий Чолла-Намдо вилоятига ҳам таъсир кўрсатган. Сеулдан 50 км жанубда жойлашган Осан шаҳрида тиргак девор ўтиб кетаётган автомобиль устига қулаб тушган. Оқибат ҳайдовчи ҳалок бўлган. Сосанда сув босган машинада ҳалок бўлган эркак топилган, шунингдек, тан жароҳати олганлар ва совуқ қотганлар борлиги хабар қилинган.


Маълум қилинишича, жала ёмғирлар оқибатида кўчкилар ва сув тошқинлари юз берган, автомобиль йўлларининг айрим қисмлари вақтинча ёпилган, жамоат транспортида узилишлар қайд этилган. Жумладан, поездлар ҳаракати қисман тўхтатилиб, автобус қатновлари бекор қилинган. Маҳаллий ҳокимият органлари тоғ ёнбағирларининг қулаш хавфи юқори бўлган ҳудудлар аҳолисини хавфсиз жойларга кўчирган.
Прогнозларга кўра, хавфли об-ҳаво шароити камида ҳафта охиригача сақланиб қолади. Ҳокимият органлари фуқароларни эҳтиёт чораларини кўришга ҳамда об-ҳаво ва эвакуация ҳақидаги расмий маълумотларни кузатиб боришга чақиришни давом эттирмоқда.
Бундан аввал Покистоннинг Панжоб провинциясида 16 июль куни шиддатли муссон ёмғирлари бошлангани, табиий офат сабаб сўнгги 24 соат ичида 63 киши ҳалок бўлиб, 290 киши жароҳатлангани хабар қилинганди.
Непалда сўнгги бир ой ичида муссон ёмғирлари билан боғлиқ ҳодисаларда 30 дан ортиқ одам ҳаётдан кўз юмди, 150 киши жароҳатлангани маълум қилинганди.
АҚШнинг Техас штатида 4 июль куни бошланган сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганларнинг сони 100 нафардан ошгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)