Бугун, 19 июль куни Экология вазирлиги тадбиркор Мурод Назаровнинг мораторий ўрнига “компенсацион экиш” ва “дарахтлар банки” жорий қилиш таклифи бўйича муносабат билдирди.

Вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон денгиз ва океанларга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат. Шу боис кислород манбалари ва карбонат ангидридни ютиш имкониятидан маҳрум. Ҳудуднинг 60 фоиздан ортиғи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, иқлим ўзгаришларига нисбатан жуда заиф ҳисобланади. Бу ҳолат табиатни кўпроқ ҳимоя қилишни талаб қилади.
Дарахт кесишга мораторий яшил ҳудудларни сақлаш учун жорий этилган. У экологик барқарорликнинг муҳим кафолатидир.
Жаҳон амалиётида ҳам дарахтларни ҳимоя қилиш қаттиқ назоратда. Масалан, Германияда ноқонуний кесиш учун 50 000 еврогача жарима белгиланган.
Британияда қамоқ жазоси ва 20 000 фунтгача жарима мавжуд.. Қозоғистон ва Россияда ҳам бундай қилмиш учун жиноий жазо бор. 2023 йилда машҳур Sycamore Gap дарахтини кесган шахс 4 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Қайд этилишича, таклиф қилинаётган компенсацион экишлар ва “дарахтлар банки” мавжуд мораторийга тўлиқ муқобил бўла олмайди. Масалан, битта дарахт йилига 21 кг CО₂ ни ютади. Бирорта ҳам кўчат бу функцияни ўн йиллаб йиллар давомида бажара олмайди.
“Дарахтлар банки” тизими коррупция ва назоратсизликка олиб келиши мумкин.
Вазирлик айрим қурувчилар дарахтларни сунъий қуритиш, сўнгра кесиш орқали мораторийни четлаб ўтаётганини қайд этди. Бундай ҳолатларга қарши чора кўрилаётгани билдирилди.
Вазирлик мавжуд мораторийни қайта кўриб чиқишга уриниш, айниқса, компаниялар ўз фаолиятига ESG тамойилларини жорий этишга интилаётган, шунингдек, мамлакатда 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва ъяшилъ иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган бир пайтда, афсус билан қарши олинишини билдирган.
“Ўз чиқишида жаноб Назаров ҳар қандай йўл билан дарахт кесиш бўйича турли “усуллар” қўлланилаётганини тилга олди. Шу муносабат билан вазирлик унинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувларини атрофлича текшириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўлиқ тафтиш ўтказилиши зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу ўрганиш натижалари унинг олдинги фаолияти юзасидан тегишли хулосалар чиқариш имконини беради, деб умид қиламиз”, дея қайд этилган муносабатда.
Хулоса сифатида барқарор қурилиш яшил майдонларни йўқ қилиб, кейин компенсация қилишга эмас, аксинча, уларни сақлашга асосланиши эслатилган.
“Барқарор қурилиш — дарахтни кесиб эмас, уни сақлаб қуриш дегани”, дейилади вазирлик баёнотида.
Маълумот учун, жорий йил 17 июль куни ўтказилган қурилиш соҳасига оид йиғилишда тадбиркор Мурод Назаров Тошкент шаҳрида дарахтларни кесишга чеклов бекор қилиниши кераклигини айтганди. Мазкур фикрларидан кейин тадбиркор жамоатчилик фаолларининг танқидларига учради. Қолаверса, Экопартия вакили ҳам Назаровнинг мораторийни бекор қилиш таклифига қаршилик билдирди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил I ярмида дарахтларни кесиш бўйича келиб тушган 3 235 та ариза рад этилиши ҳисобига 453 238 та дарахт асраб қолинган. Уларнинг 86 309 таси қимматбаҳо навларга мансуб бўлган.
Изоҳ (0)