Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Премер Лигасининг энг тезкор футболчиларидан бирига айланди. Give me Sport нашри эълон қилган рейтингга кўра, Ҳусанов 36,27 км/соат тезлик билан 2024/25 йилги мавсумда энг юқори тезлик кўрсатган футболчилар рўйхатида 8-ўринни эгаллади. Ҳимоячи чемпионатнинг 28-тури доирасидаги “Ноттингем Форест”га қарши баҳсда ушбу натижани қайд этган.

Нашр маълумотларига кўра, ўтган мавсумда Премер Лиганинг энг тезкор футболчиси — “Тоттенҳэм” ҳимоячиси Микки ван де Вен бўлган. Нидерландиялик футболчи 37,38 км/соат тезлик билан рейтингда биринчи ўринни эгаллаган. Иккинчи поғонани “Ньюкасл”нинг янги аъзоси, швециялик Энтони Эланга банд этди — у 36,65 км/соат тезликда ҳаракатланган. Айнан шу натижани қайд этган Брайан Мбеумо (“Брентфорд”) кучли учликни якунлади.
Премер Лиганинг энг тезкор футболчилари (2024/25)
- Микки ван де Вен — “Тоттенҳэм”: 37,38 км/соат
- Энтони Эланга — “Ньюкасл” / “Ноттингем Форест”: 36,65 км/соат
- Брян Мбеумо — “Брентфорд”: 36, 65 км/соат
- Карлос Боржес — “Вулверҳэмптон” / “Аякс”: 36,58 км/соат
- Янкуба Минте — “Брайтон”: 36,40 км/соат
- Уилсон Одобер — “Тоттенҳэм”: 36,36 км/соат
- Абдуқодир Ҳусанов — “Манчестер Сити”: 36,27 км/соат
- Эммануэл Агбаду — “Вулверхемптон”: 36,15 км/соат
- Эрлинг Ҳоланд — “Манчестер Сити”: 36,01 км/соат
- Маркус Рэшфорд — “Манчестер Юнайтед”: 35,35 км/соат
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов 2025 йилнинг қишки трансферлар ойнаси вақтида Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га ўтган эди. У “шаҳарликлар” сафида Англия Премьер Лигаси доирасидаги 6 баҳсда майдонга тушган. Шунингдек, Англия Кубогида 2 та, Чемпионлар Лигаси ҳамда Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида биттадан учрашувда иштирок этган. Ҳимоячининг “Сити” билан шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt портали Ҳусановнинг қийматини 35 миллион еврога баҳолаган.
Изоҳ (0)