Бир стакан газли ичимлик ёки бир бўлак торт қондаги глюкоза миқдорини ошириши ҳаммага маълум. Аммо барча фойдали хусусиятларига қарамай, қанд миқдорини кўтариши ва натижада инсулин ажралишини қўзғатиши мумкин бўлган истисно сабзавотлар мавжудлигини озчилик билади.
Гап нафақат муайян маҳсулотлар ҳақида, балки уларни тайёрлаш ва умуман овқатланиш тизимимизни шакллантиришнинг кўплаб нозик жиҳатлари ҳақида ҳам бормоқда.

Қандай кутилмаган маҳсулотлар қанд миқдорини оширади?
Селдерей ёки сабзини кўпчилик фойдали деб билади. Аммо аслида, якка ҳолда (бошқа маҳсулотлар билан аралаштирилмаганда) улар гликемик индекс ва глюкоза даражасини сезиларли даражада оширади. Демак, биохимия нуқтаи назаридан сабзини тишлаб ейиш деярли ширинлик ейиш билан баробар.
Мевалар газак сифатида тўғри келмайди. Айниқса, дастлаб юқори гликемик индексга эга бўлганлари. Масалан, тарвуз, қовун ёки ананас. Шунингдек, кўплаб қуритилган мевалар (масалан, майиз) таркибида концентрланган шакарлар мавжудлиги сабабли юқори ГИга эга. Сиропда консерваланган мевалар эса ҳақиқий қанд бомбаси ҳисобланади.
Шунингдек, қадоқланган шарбатларда ҳам глюкоза мавжуд. Суюқ бўлгани учун глюкоза қонга жуда тез сўрилади. Тасаввур қилиш учун: бир стакан узум шарбати ва тўртта пончикдаги шакар миқдори бир хил. Демак, тана учун бир стакан шарбат кўпинча тўлиқ овқатланишга тенг. Бироқ, инсулин даражасининг кескин кўтарилиши туфайли тўйганлик ҳисси тез орада очликка айланади, яна овқатланишга мажбур бўламиз ва натижада калория миқдори бир неча баробар ошади.
Мевадан янги сиқилган шарбат тайёрланаётганда, нафақат пўсти, балки глюкоза таъсирини юмшатадиган толалар ҳам олиб ташланади. Шунинг учун янги сиқилган шарбат соғлом турмуш тарзига умуман мос келмайди!
Оқ шакар ҳар томонлама зарар деб ҳисобланади. Аммо аслида, унинг ўрнини босувчи сунъий моддалар танага кўпроқ зарар етказади. Улар рецепторларнинг сезувчанлигини янада кўпроқ пасайтиради, чунки тана глюкозани эмас, балки фақат унинг таъсирини сезади. Бу таъсир шунчалик кучлики, оқибатда севимли таъмни ҳис қилиш учун тана тобора кўпроқ ширинликни талаб қилади.
Физиологик овқатланадиган соғлом одам учун гликемик индексни ҳисоблашнинг ҳожати йўқ. Аммо енгил тамадди танлашда унга эътибор бериш керак. Масалан, сабзи таёқчалари билан тамадди қилиш қондаги глюкоза миқдорининг кескин ошишига олиб келади. Агар бундай ҳолатлар жуда кўп ва мунтазам такрорланса, инсулин қаршилигининг пайдо бўлиш хавфи ўн баробарларга ошади.
Қондаги шакар миқдорининг ошиши нафақат қандли диабетга, балки инсулин қаршилигига ҳам олиб келади.

Мутахассислар организмнинг инсулинга чидамлилик ҳолати ҳақида тобора кўпроқ гапиришмоқда. Ҳужайраларнинг инсулин гормонига сезгирлиги пасаяди, натижада инсулин глюкозани ҳужайралар ичига ўтказа олмайди ва у қонда тўпланиб қолади. Замонавий инсоннинг турмуш тарзи бу ҳолатнинг ривожланиш хавфини оширмоқда. Бу жуда айёр ҳолат, чунки бошланғич босқичларда уни пайқаш қийин, мавжуд оқибатлар билан курашиш эса анча мураккаб.
Муаммо озиқ-овқатнинг тез топилишидадир. Илгари овқат топиш учун ҳаракат қилиш керак бўлган бўлса, ҳозир уни диванда ўтириб, бир неча марта тугма босиш орқали буюртма қилиш мумкин. Кўпроқ овқатланишни бошлаганимиз сабабли, таомлар сифати сезиларли даражада ёмонлашди ва кўплаб юқори калорияли озиқ-овқатлар - тез ҳазм бўладиган углеводлар ва трансёғлар пайдо бўлди.
Инсулинга чидамлилик — замонамизнинг офати. Кўпчилигимиз унинг мавжудлигидан ҳатто шубҳаланмаймиз ҳам, чунки инсулинга чидамлилик аниқ белгиларга эга эмас. Айнан у 2-тур қандли диабет ва бошқа кўплаб касалликлар (юрак-қон томир, поликистоз ва бошқалар) ривожланишининг асоси ҳисобланади. ЖССТ маълумотларига кўра, 2021 йилда дунёда 529 миллион киши қандли диабетдан азият чеккан. Башоратларга кўра, 2050 йилга келиб уларнинг сони деярли 1,5 миллиард кишига етади.
Инсулинга чидамлилик белгилари

Кўпинча эътибор берилмайдиган биринчи нарса - вазн ортишидир. Тўғрироғи, буни пайқашади, лекин соғлиқ ҳолати билан бевосита боғлашмайди. Агар овқатланиш тартиби ўзгармагани ҳолда вазн орца, бу ошқозон ости бези рецепторларининг инсулинга сезгирлиги пасайганини ва уни қабул қилмаётганини тахмин қилишга асос бўлади. Натижада организмда глюкозанинг тақсимланиш механизми издан чиқади.
Яна бир ташвишли белги - терида папилломалар (фиброэпителиал полиплар) пайдо бўлишидир. Буларнинг хол ёки ОПВ вируси билан алоқаси йўқ. Бу теридаги ўсимталар бўлиб, одатда оғриқ бермайди ва олиб ташлангандан кейин ҳам қайта пайдо бўлиши мумкин. Кўпинча улар бўйин, кўкрак ва қўлтиқ остида пайдо бўлади. Бу жойларнинг қорайиши ҳам инсулинга чидамлилик белгиларидан бири бўлиши мумкин.
Булар энг кўп учрайдиган ва яққол белгилардир. Аммо бундай аломатлар анчагина кўп бўлиб, одатда мутахассис ёрдамисиз уларнинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш қийин.
Қайси маҳсулотлар қондаги глюкоза миқдорини камайтиради?
Селдерейдан сўнг қонда шакарни камайтирадиган маҳсулот истеъмол қилиш керак деб ўйлаш нотўғри. Таом таркибидаги масаллиқларни дастлаб шундай танлаб олиш анча осон ва фойдали бўладики, бу глюкоза миқдорини оширмасин. Қондаги глюкоза моддасини камайтирадиган хавфсиз таркибий қисмларни қўшиш мақсадга мувофиқ. Масалан, клетчаткага бой, тез ҳазм бўладиган углеводларга бой бўлмаган ёки ферментация натижасида олинган маҳсулотлар бунга мисол бўла олади.
Изоҳ (0)