Украина ўз фронт чизиғини хорижий қурол ишлаб чиқарувчилар учун синов майдони сифатида таклиф этмоқда. Бу ҳақда маҳаллий Brave1 мудофаа кластери хабар берди.

Эндиликда хорижий компаниялар ўз маҳсулотларини Украинага юбориб, уларнинг ишлатилиши бўйича онлайн кўрсатмалар тақдим этади. Украина ҳарбийлари эса бу техникани реал жанг шароитида қўллаб кўради ва ишлаб чиқарувчиларга тафсилотли ҳисоботлар юборади.
Мазкур ташаббус доирасида Тест ин Ukraine номли махсус платформа ишга туширилган. У орқали хорижий ҳамкорлар дронлар, радиоэлектрон кураш воситалари, разведка ва назорат тизимлари, шунингдек, сунъий интеллект асосидаги технологияларни бевосита жанг майдонида синаб кўриш имкониятига эга бўлади.
Украинанинг рақамли трансформация вазири Михаил Федоровга кўра, бу платформанинг мақсади — уруш тақдирини ўзгартира оладиган илғор технологияларни яратиш учун халқаро ҳамкорларни жалб қилишдир.
Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларни тўғридан-тўғри фронт ҳудудида синаб кўриши мумкин. Бу эса уларга реал вақт режимида ўзгаришлар киритиш ва маҳсулотни такомиллаштириш имконини беради
Украина — мудофаа инновациялари туғиладиган макондир. Бу ерда замонавий урушга ёндашувларни ўзгартирадиган тажриба ва билим шаклланмоқда. Айнан шу ерда янги технологияларни синаб кўриш мақсадга мувофиқдир, дея таъкидлади Brave1.
Изоҳ (0)